Аёл маърифати – жамият саодати
Фарғона вилояти прокуратураси ташаббуси билан Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган “Аёл маърифати жамият саодатидир” номли анжуман ташкил этилди.
Вилоятдаги олий таълим муассасаларининг талаба хотин-қизлари, олима аёллар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда уларга эҳтиром ва эъзоз кўрсатилди.
Аёлларни улуғлаш – юксак қадрият, жамият тараққиётини, соғлом авлод камолотини белгиловчи мезонлардан бири. Вилоят прокуратураси томонидан олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, уларнинг ижтимоий аҳволи атрофлича ўрганиб чиқилиб, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Кўрилган чоралар ва ҳамкорлик тадбирлари натижасида вилоятдаги 5 та олий ўқув юртларидаги 120 нафардан ортиқ эҳтиёжманд талаба-қизларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши таъминланди. Мазкур анжуман ҳам уларни қўллаб-қувватлаш ишларининг узвий давоми бўлди.
Фарғона политехника институтида ўтказилган тадбир карнай-сурнай садолари остида меҳмонларни кутиб олиш билан бошланди. Дастлаб институт фойесида шаҳар-туманларда оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар, ишбилармон аёллар томонидан турли маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Меҳмонлар ва анжуман иштирокчилари чевар аёллар, касаначи қизлар ижоди бўлмиш уй-рўзғор буюмлари, бежирим кийим-кечаклар, ўйинчоқларга юқори баҳо беришди.
[gallery-10820]
– Ўзбек аёллари йўқдан бор қилувчи хислати билан ажралиб туради. Мисол учун, қийқимлар, мато бўлакларини ташлаб юбормай, қуроқ тикишади, тешик идишдан эса гултувак ўрнида фойдаланишади, – дейди вилоят прокурорининг ўринбосари Фарҳод Исмоилов. – Хотин-қизларимизнинг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги ва зукколиги азалдан таҳсинга сазовор бўлиб келган. Шу тадбиркорликка бироз замонавий билим, илмий ёндашиш қўшилса бизнинг аёлларимизга тенг келадигани топилмайди.
Олий ўқув юртлари талаба-қизлари иштирокидаги “Заковат” интеллектуал ўйини бу фикрга ҳамоҳанг бўлди. Билимга чанқоқ, топқир ва зукко қизлар ҳар бир саволга батафсил жавоб берди. Ғолиб жамоалар совғалар билан тақдирланди.
Институт санъат саройида анжуманнинг тақдирлаш маросими ва байрам дастури намойиш қилинди. Вилоятдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган бир гуруҳ талаба қизлар пул мукофоти ва сертификатлар билан тақдирланди. Таниқли санъаткорлар, ижодкор талабалар иштирокидаги концерт дастури барчага хуш кайфият бағишлади.
–Бугун байрам баҳонасида талаба қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илм-маърифат йўлидаги ҳаракатларига кўмаклашишни мақсад қилдик, – дейди Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Маъсуджон Сулаймонов. – Аслида ҳам, мамлакатнинг қай даражада ривож топиши, жамиятдаги кайфият ва тараққиёт олиму фозила аёллар сони, сифати билан чамбарчас боғлиқ. Биз аёлнинг ўрни кўпроқ оилада, фарзанд тарбиясида бўлиши керак, деган қарашга ўрганиб қолганмиз, лекин ёш авлоднинг соғлом ва маърифатли, юксак маънавиятли бўлиб вояга етишида хотин-қизларнинг маърифат савияси катта роль ўйнайди. Давлатимиз раҳбарининг ҳамиша аёлларга эътибор қаратиши, олима ва талаба қизлар учун қулай шарт-шароит яратиши, имтиёзлар бериши бежиз эмас. Бугунги тадбирда бу алоҳида эътироф этилди.
Халқаро аёллар байрами шодиёналари барча шаҳар-туманларда давом этади.
Н.Бозорова, ЎзА
М.Қодиров олган сурат