Аёл ҳуқуқи — инсон қадрининг мустаҳкам кафолати
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами муносабати билан сўзлаган нутқида билимли, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган хотин-қизларни Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси сифатида баҳолаб, "билимли хотин-қизлар — билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият" эканини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, билимли ва ўз ҳуқуқини яхши биладиган аёл нафақат ўз ҳаёти, балки оиласи, фарзандлари ва атрофидаги муҳит тақдирига ҳам ижобий таъсир кўрсата олади. Шу маънода, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни фақат қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрлар билан чеклаб бўлмайди. Бу масала оила тинчлиги, фарзанд тарбияси, ижтимоий адолат, инсон қадри ва жамият тараққиёти билан бевосита боғлиқ.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари сезиларли даражада мустаҳкамланди. Гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган аниқ механизмлар жорий этилди.
Жумладан, Президентимизнинг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишда муҳим аҳамиятга эга бўляпти. Бироқ қонун қабул қилиниши — жараённинг якуни эмас. Аксинча, унинг ҳақиқий моҳияти қонун нормалари инсон ҳаётида қай даражада ўз аксини топаётгани, одамлар ўз ҳуқуқларини қай даражада ҳимояланганини ҳис қилаётгани билан белгиланади.
Бугунги кунда Тошкент вилояти аҳолисининг 49,8 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг жамоатчилик ва давлат бошқарувидаги иштироки ҳам тобора ортиб бормоқда. Хусусан, маҳаллий Кенгашларда аёл депутатлар улушининг 34 фоиздан ошгани хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллиги юксалаётганидан далолат беради. Таълим соҳасидаги кўрсаткичлар ҳам эътиборга молик. Вилоятдаги олий таълим муассасалари талабаларининг қарийб 59 фоизини қизлар ташкил этаётгани хотин-қизларнинг билим олишга, касб эгаллашга ва ўз келажагини мустақил қуришга интилиши тобора кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.
Зеро, аёлнинг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш, аввало, унинг билим олиши ва иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиши учун шароит яратишдан бошланади. Шу нуқтаи назардан, иқтисодий мустақиллик аёл ҳуқуқларининг энг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади. 2025 йилда Тошкент вилоятида 343 минг нафардан ортиқ хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. “Аёллар дафтари” орқали эҳтиёжманд хотин-қизларга манзилли ижтимоий, моддий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. 2026 йил бошига келиб, мазкур тизим орқали 89 минг 504 нафар хотин-қизга моддий кўмак берилган.
Аёлга касб-ҳунар ўргатиш, уни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти учун субсидия ёки имтиёз бериш, зарур пайтда ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш — бир қарашда оддий чора каби туюлиши мумкин. Аслида эса уларнинг ҳар бири муайян инсон ҳаётида янги имкониятлар эшигини очиши мумкин. Шу боис ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим мақсади аёлни доимий равишда ёрдамга муҳтож ҳолда ушлаб туриш эмас, балки унинг ўз кучига ишониши, мустақил қарор қабул қилиши ва муносиб ҳаёт кечириши учун шароит яратишдан иборат бўлиши керак.
Бу борада ҳуқуқий саводхонлик ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатлари” ҳуқуқий акциялари, маҳаллалардаги сайёр қабуллар ва бепул ҳуқуқий маслаҳатлар аҳолининг, айниқса, хотин-қизларнинг ўз ҳуқуқларини билиши ва улардан самарали фойдаланишига хизмат қилмоқда.
Айниқса, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда бу масала янада долзарб аҳамият касб этади. Бу ерда фақат содир этилган ҳолат оқибатларини бартараф этиш билан чекланиб қолмасдан, муаммонинг илдизини кўриш, оиладаги нотинчликни барвақт аниқлаш, аёлнинг мурожаатини ўз вақтида эшитиш, уни ҳуқуқий, психологик ва иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш муҳим.
Аёл ҳуқуқи ҳимояланган оилада фарзанд қўрқув эмас, ишонч муҳитида улғаяди. Аёлнинг қадри таъминланган жамиятда эса адолат қоғоздаги тушунча бўлиб қолмай, кундалик ҳаётда намоён бўлади.
Гулнора Аҳмедова,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти
Кенгаши депутати,
ЎзА