Аёл бахтли бўлса, оила бахтли бўлади
Пойтахтимиздаги Миллий боғда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Аёл бахтли бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади!” шиори остида аёллар учун маданий-маърифий тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат мукофотлари соҳибалари, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибалари, “Оқила аёллар” ҳаракати, фаол хотин-қизлар, спорт, санъатда муваффақиятга эришган, давлат ва жамият равнақи учун хизмат қилган хотин-қизлар, корхона, ташкилотларнинг хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари фаол вакиллари ҳамда маҳалладаги фаоллар иштирок этди.

Унда бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, уларни бахтли қилиш, жамиятда ўз ўрнини топиши учун олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.

Жумладан, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш, саломатлигини асраш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган ишлар янги мазмун касб этмоқда.
Шунингдек, муваффақиятга эришган, халқ ҳурматига сазовор бўлган фаол ва обрўли опа-сингиллар эътироф этилди. Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида давлат сиёсати ҳамда Янги Ўзбекистонда эришилган натижалар борасида маърузалар тингланди.
Тадбир давомида истеъдодли шоир ва шоиралар, санъаткорлар томонидан шеър ва куй-қўшиқлар янгради.
Гулноза Бобоева,
ЎзА