Айланма йўлдан ўтган “меҳмон”
Тожикистондан юртимизга айланма йўллар орқали ноқонуний ўтиб, уч йилдан ортиқ қариндошларининг уйида яшаб келган фуқарога суд томонидан жазо тайинланди.
Тожикистондан юртимизга айланма йўллар орқали ноқонуний ўтиб, уч йилдан ортиқ қариндошларининг уйида яшаб келган фуқарога суд томонидан жазо тайинланди.
Маълумки, қўшни мамлакатларга ўтиш ва у ердан бу томонга кириб келишнинг ўз тартиб-қоидалари бор. Чегаралар ҳамиша дахлсиз ҳисобланади. Афсуски, Тожикистон Республикаси фуқароси Комилжон Комилов қонуний чиқиш–кириш қоидаларини бузди. У Хатлон вилоятида яшаб келиб, 2016 йили декабрь ойида Андижон ва Фарғона вилоятида яшовчи қариндошларини йўқлаш мақсадида йўлга чиқади. К. Комилов белгиланган тартибни бузиб, Тожикистон Республикаси Хўжанд вилояти, Конибодом туманининг Ўзбекистон Республикаси Бешариқ тумани “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғини билан кесишган чегара айланма йўли орқали Ўзбекистонга ноқонуний кириб келган. У ердан Андижон вилоятидаги қариндошининг яшаш хонадонига борган ва у ерда 2019 йилнинг 25 июлига қадар яшаб келган.
К.Комилов жорий йилнинг ёзида Тожикистон Республикасида бўлган онаси бетоб бўлиб қолганини эшитиб, опасининг турмуш ўртоғи Ж.МуҳамедовгаБешариқ туманидаги айланма йўллар орқали Тожикистонга ўтказиб юборишини илтимос қилган. Поччаси бу ишда ёрдам бера оладиган ишончли одам топишда Бешариқ туманининг Қият қишлоғида яшовчи М.Комиловдан ёрдам сўрайди. М.Комилов ҳам Ж.Муҳамедов билан яқиндан таниш бўлгани боис биргаликда “Андархон” чегара божхона маскани ҳудудида яшаб келаётган Р.Раҳматовнинг олдига боришиб, таклифларини айтишган. Чегарадан ўтказиб юбориш хизмати 600 минг сўмга баҳоланади.
Р.Раҳматов бу ҳаракатлар ноқонуний эканини англаган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат этди. Афсуски тузилган режа барбод бўлди. К. Комиловни Фарғона вилояти Бешариқ тумани Андархон қишлоғи ҳудуди бўйлаб тортилган чегара сим тўсиқлари орқали Ўзбекистон Республикасидан Тожикистон Республикасига ўтказиб юборилаётган вақтда чегарачилар томонидан қўлга олинди. Қонун бузилишига йўл қўйган айбдорлар эса ўз қилмишларидан пушаймон эканини айтдилар. Чегарани ноқонуний равишда бузиб ўтмоқчи бўлган, барча бирдай амал қилиши лозим бўлган қоидаларни инобатга олмаган шахслар жавобгарликка тортилди.
Яқин қариндошларни йўқлаш, кўнгил сўраш, уларнинг қадрли меҳмони бўлиш инсоний фазилатларимизнинг энг ёрқин намунасидир. Бироқ бу эзгу амал йўлида белгиланган қоидаларга бўйсунмасдан, чегарадан айланма йўллар орқали ўтиб келган Комилжоннинг хатти-ҳаракатларини нима деб оқлаш лозим. Йигитчаку ёшдир, аммо унинг қариндошлари-чи? Ўтган уч йил давомида “бизни соғиниб ноқонуний йўллар билан келибсан жигарим, кел, яхшиси, бу хатони ўз вақтида тўғирлайлик” дегувчи инсон топилмади. Бугунга қадар худди шундай ҳаракатларни содир этгани учун қайта-қайта жиноий жавобгарлик белгиланган поччаси Ж.Муҳамедов ҳам унга дўст бўлмади. Аксига олиб, қайноғасини ўз хонадонида эмин-эркин яшаб юришига шароит яратди. Комилжонни қўшни республикадан келганини у истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғини, қўни-қўшнилар билмаганларми ёки билиб-билмаганга солганларми ўзларини, буёғи бизга қоронғу. Суд уларнинг қилмишларига яраша жазо тайинлади.
Ф.СОБИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Бешариқ туман суди раиси