Аёллар жамиятимизнинг бахтидир
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Аёлларимизнинг бахти халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир“ мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Аёлларимизнинг бахти халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир“ мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Ф.Эшматова, университет ректори А.Мараҳимов тадбир иштирокчиларини байрам билан қутлаб, хотин- қизлар масаласи давлатимизнинг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили“да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида“ги Президент фармонининг бир неча бандлари айнан хотин-қизларнинг нуфузини ошириш, бандлигини таъминлаш, илмга йўналтиришга қаратилгани, хусусан, хотин-қизларга таълим гранти асосида ўқиш учун алоҳида квоталар ажратилиши бунинг ёрқин далилидир.
– Йилдан-йилга мамлакатимизда барча соҳаларда хотин-қизларнинг фаоллашаётгани кузатилмоқда, – дейди Феруза Эшматова. – Биргина ўтган сайловларда Қонунчилик палатасига сайланган 150 депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини, Олий Мажлис Сенатига сайланган сенаторларнинг 24 фоиздан ошиқроғини хотин-қизлар ташкил этди. Бу 190 мамлакат ичида миллий парламентда аёллар сони бўйича Ўзбекистон 38-ўринда турибди, дегани. 2014 йилда эса 128-ўринда эдик. Мана яқинда 6 туман ва 1 шаҳар ҳокими хотин-қизлардан қўйилди. Бу, албатта, айниқса талаба-қизларни руҳлантиради.

Тадбирда элимиз суйган санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.