Аёллар уйдан туриб ҳунар ўрганмоқда
Жиззах вилоятида ушбу лойиҳани амалга оширишда “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларига ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлик қилаётир.
Жиззах вилоятида “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази томонидан очилган тикувчилик, сартарошлик, қандолатчилик, компьютер саводхонлиги, миллий ҳунармандчилик, тўқувчилик ўқув курсларида карантин даврида машғулотлар масофавий шаклда давом этмоқда.
Ўтган йилнинг июнь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг гранти асосида Республика бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Республика “Сабр” ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикасининг Андижон, Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг қишлоқ ҳудудларида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш ҳамда кам таъминланган аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этишдаги ижтимоий ҳамкорликнинг инновацион механизмлари” ижтимоий лойиҳаси давлат буюртмаси бўйича амалга оширилиб келинмоқда.
Лойиҳа доирасида ҳар бир ҳудудда 320 нафардан ишсиз аёллар ва ёшларга 6 та йўналиш: тикувчилик, сартарошлик, қандолатчилик, компьютер саводхонлиги, миллий ҳунармандчилик, тўқувчиликдан бепул қисқа муддатли ўқув курсларида касбий малака ўргатилиши ва сертификат билан таъминлаш белгиланган бўлиб, жорий йилнинг апрель ойида охирги курслар тугалланиши режалаштирилган.
Жиззах вилоятида ушбу лойиҳани амалга оширишда “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларига ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлик қилаётир. Кўп йиллик тажрибага эга нодавлат нотижорат ташкилоти бўлган ушбу марказ кўмагида вилоятнинг Зарбдор, Бахмал, Шароф Рашидов туманлари ҳамда Жиззах шаҳридаги курсларда жами 168 нафар ишсиз хотин-қизлар ва ёшлар уйда ўтириб ҳунар ўрганмоқда.
– Коронавирус пандемияси муносабати билан жорий этилган карантин сабабли ўқув курслари вақтинча тўхтатилган эди, – дейди “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Нодира Алимова. – Президентимизнинг яқинда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берган вазифалардан келиб чиқиб ўқув курсларида масофавий машғулотларни ташкил этдик.
Ўтилаётган масофавий курслар қатъий назоратга олинган бўлиб, тингловчилар топшириқларни бажарадилар ва устозлари орқали баҳоланиб борадилар. Масофавий машғулотлар малакали мутахассислар, катта тажрибага эга ҳунармандлар томонидан олиб борилмоқда.
Масалан, Бахмалда туманида тиқувчилик бўйича масофавий машғулотларни ҳунармандларнинг катта авлоди вакили, кўплаб миллий ва халқаро фестиваллар ғолиб ва совриндори Гавҳар Астанақулов олиб бормоқда. Масофадан туриб миллий ва замонавий уйғунликдаги тўқувчилик сирларини ўрганган бахмаллик курс тингловчилари тўқиган маҳсулотлари билан кўргазма-савдоларида иштирок этишга тайёрланмоқда.
– Ишсиз, уйда ўтириб қолган хотин-қизлар учун ташкил этилган бепул курсларда анча нарса ўрганган пайтимиз карантин бошланиб қолган эди, – дейди Зарбдор тумани, Равот қишлоғида яшовчи Майрам Қоржовова. – Ҳозир ўқишимизни мобил телефонда масофавий давом эттираётирмиз. Аллақачон бутун оила аъзоларимиз билан миллий ҳунармандчилик асосида турли буюмлар ва миллий кийимлар тикишни ўрганиб олдик. Бу албатта, оилавий бюджетимизни мустаҳкамлашга ёрдам бўлади.
Шунингдек, марказ томонидан “Аёлга эътибор – оилага, жамият келажагига бўлган эътибордир” лойиҳаси доирасида аёллар ва уларнинг оилаларини руҳий тушкунлик ҳолатлари ва бошқа оғир вазиятларда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ишонч телефони” орқали бепул психолог ва ҳуқуқшунос хизматлари ҳам йўлга қўйилган.