Аяққудуқликларни қандай муаммолар қийнамоқда?
Томди туманининг “Аяққудуқ” овул фуқаролар йиғини энг олис ҳудудлардан бири саналиб, аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади.
Томди туманининг “Аяққудуқ” овул фуқаролар йиғини энг олис ҳудудлардан бири саналиб, аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланади. Овулда биттадан мактаб, болалар боғчаси ва қишлоқ врачлик пункти фаолият кўрсатмоқда.
Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Азамат Бозоров овул аҳолиси билан ўтказган сайёр қабулда имтиёзли кредитлар олиш, кадастр, пенсия билан боғлиқ ҳамда ун ва газ баллонлари таъминоти, тиббий хизмат кўрсатиш каби масалалар бўйича фуқароларнинг мурожаатларини ўрганди.
Учрашувда дастлаб, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида тижорат банклари мутасаддилари томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида жисмоний шахсларга кредит ажратиш тартиби ва имтиёзлар хусусида батафсил маълумотлар бериб ўтди. Шунингдек, 4 сотих томорқасига эга ва ундан самарали фойдаланаётган, 50 бош товуқ парваришлаётган ва шу каби юмушлар билан банд фуқаролар давлатга энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлаган тақдирда бир йиллик иш стажи ҳисобланиши таъкидланди.

Сайёр қабулда туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Томди туманидаги Халқ қабулхонаси мудири, ички ишлар идоралари ва вилоят ташкилотлари мутасаддилари, тумандаги корхона, ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Халқ билан мулоқотда 82 нафар овул аҳли иштирок этиб, 13 нафар фуқаро томонидан 21 та масала кўтарилди. Учрашув давомида 5 та масала бўйича мутасаддилар томонидан ҳуқуқий тушунча берилиб, 16 та мурожаат назоратга олинди.
Овулда истиқомат қилувчи фуқаролар Тилибаев Берекбай, Жузбай Жанабаев, Нарқул Эгамбердиев, Асамадин Бердимуратов уй-жойини кадастр қилишда амалий ёрдам сўради. Мазкур масала юзасидан учрашув якунида махсус ишчи гуруҳ тузилиб, мутасаддилар ҳамкорлигида муҳокама этилди. Хуллас мурожаатлар жойига чиқиб тегишли тартибда ўрганилиб, белгиланган муддатда ҳал этиладиган бўлди.

Нағашбай Бейтиков овулдаги тез тиббий хизматдаги муммолардан шикоят қилди. Вилоят 4-сектор раҳбари ва туман ҳокими масала бўйича туман тиббиёт бирлашмаси раҳбаридан изоҳ сўраб, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласини қатъий назоратга олиш бўйича топшириқ берилди.
– Президентимизнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида секторлар фаолиятини йўлга қўйганини биз тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва ташаккур айтамиз, – дейди овулда яшовчи фуқаро Жарилқасин Дўстқабулов. – Айниқса, аҳоли муаммолари ва мурожаатларини ўрганишда раҳбарларнинг энг чекка ҳудудларга ташриф буюраётгани эътибордан четда қолиб кетган ёки ечимини кутиб ётган масалаларни тез ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ҳам овулдошларимизнинг дардини тинглаб, ҳар бирига жиддий эътибор қаратганидан мамнунмиз.
Учрашув сўнгида овул фуқароларига 100 та китоб тарқатилди.