Ахсикентда тарих ўз сирларини очмоқда
Наманган вилоятига қилган сафаримиз давомида Ахсикент археология ёдгорлигига ташриф буюрдик. Қадимий шаҳар харобалари орасида юраркансиз, бу ерда ҳали очилмаган сирлар қанчалик кўплигини ҳис этасиз. Асрлар давомида тупроқ бағрида сақланган ҳар бир топилма, ҳар бир ғишт парчаси аждодларимиз ҳаёти, тафаккури ва юксак маданияти ҳақида сўзлаб тургандай.
Бугун Ахсикент нафақат олимлар, балки маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ҳам катта қизиқишига сабаб бўлаётган масканга айланяпти. Бу ерда олиб борилаётган тадқиқотлар эса 3000 йиллик тарихнинг ҳали бизга номаълум бўлган саҳифаларини очишда давом этмоқда.
Сўнгги йилларда амалга оширилган қазув ишлари натижасида ноёб археологик топилмалар аниқланди. 11- қазув объектида кенглиги 2,3 метр бўлган зинапоя очилиб, ер сатҳидан тўрт метр чуқурликкача қазиш ишлари олиб борилганда бутун ҳолатда сақланган аркасимон ерости йўлаги топилди. Кейинчалик қарийб 10 минг куб метр тупроқ чиқарилиб, ушбу йўлакнинг 12 поғонаси тўлиқ очилди.
Тадқиқотлар давомида мазкур йўлакдан етти метр Шарқ томонда яна иккита аркасимон ерости йўллари ҳам аниқланди. Мутахассислар фикрича, бу иншоотлар ягона муҳандислик тизимининг таркибий қисми бўлиб, ўзаро боғланган бўлиши мумкин.
Топилмаларнинг энг диққатга сазовор жиҳати шундаки, барча ерости йўлаклари пишиқ ғиштдан қурилган. Уларнинг аркасимон меъморий ечими ва муҳандислик аниқлиги ўрта асрларда шаҳарсозлик маданияти юксак даражада ривожланганидан далолат беради.
Аввалги қазув ишлари чоғида ҳам пол ости иситиш тизими, нафис сопол қувурлар, мураккаб санитария иншоотлари ҳамда замонавий раковиналарга ўхшаш қўл ювиш қурилмалари аниқлангани Ахсикент аҳолиси юқори турмуш маданияти ва тараққий этган муҳандислик ечимларига эга бўлганини кўрсатади.
Бу ерда туриб инсон беихтиёр ўйга толади: минг йиллар муқаддам яшаган аждодларимиз қандай билим ва тажрибага эга бўлганки, бугун ҳам мутахассисларни ҳайратга солаётган ечимларни ярата олган?
Тошкент шаҳридан келган сайёҳ Муҳаббат Қаҳҳорованинг таъкидлашича, Ахсикент ҳақида эшитганларини ўз кўзи билан кўриш унда унутилмас таассурот қолдирган.
– Ростини айтсам, бу ерга келгунча Ахсикент ҳақида бунчалик катта тасаввурга эга эмас эдим, – дейди у. – Ер остида сақланиб қолган иншоотлар, ўрта асрлардаги муҳандислик ечимлари ҳақида эшитиб, аждодларимизнинг қандай юксак тафаккур соҳиблари бўлганига яна бир бор амин бўлдим. Бу ердан катта ғурур ва ҳайрат билан қайтяпман.

Ёдгорлик бўйлаб экскурсия давомида назоратчи Гулчеҳра Мамадиеванинг ҳикояси ҳам сайёҳларни чуқур ўйга толдирди.
– Ривоятларга кўра, бир кечада юз берган кучли зилзила оқибатида шаҳар ер билан яксон бўлган, – дейди у. – Кейинчалик бу ерга келган карвонлар гуллаб-яшнаган шаҳарнинг қаерга йўқолганини англолмай ҳайратда қолган. Албатта, бу ҳақда турли илмий қарашлар мавжуд. Аммо Ахсикент тақдири ҳақидаги бундай ҳикоялар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотади.
Унинг айтишича, бугун Ахсикентга ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда. Улар қадимий деворлар ва қазув майдонларини томоша қилиш билан бирга, бу ерда яшаган аждодлар ҳаёти, урф-одатлари ва тарихий воқеалар ҳақидаги ҳикояларни ҳам катта қизиқиш билан тинглайди.
Айни пайтда умумий майдони 132,4 гектарни ташкил этувчи Ахсикент археология парки ҳудудида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Ёдгорлик ҳудудида 9 та очиқ осмон музейини ташкил этиш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ерости сув иншоотлари, мудофаа деворлари, тураржой қолдиқлари, гумбазли тагхоналар, деворий расмлар ва қадимги сув йўллари келажакда минглаб сайёҳларни ўзига жалб қилиши шубҳасиз.

Қувонарлиси, Ахсикент бугун халқаро ҳамжамият эътиборида бўлиб турибди. Хорижий меҳмонларнинг бу ерда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бериши, нуфузли халқаро илмий-маърифий институтларнинг ушбу масканга қизиқиш билдириши унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрнини янада кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Ахсикентдан қайтаётганда шуни англадим: тарих фақат китобларда эмас. У баъзан тупроқ бағрида, қадим ғиштлар сукутида, гидларнинг ҳикояларида ва бу ерга келган инсонларнинг ҳайратида ҳам яшайди.
Балки шунинг учун ҳам Ахсикент ҳали узоқ йиллар давомида ўз сирлари билан одамларни чорлашда давом этар. Чунки бу маскан ўтмиш ҳақида ҳикоя қилиш билан бирга, бизга ўзлигимизни, аждодларимиз қандай буюк мерос қолдирганини ҳам эслатиб туради.
Нилуфар Бозорова, ЎзА