Ахсикент – буюк тарихимиз кўзгуси
18 май – Халқаро музейлар куни
Қадимий давлатлардан бири Фарғона (Даван) давлати ҳақида гувоҳлик берадиган Ахсикент ёдгорлиги Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган.
Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган.
Тарихий манбаларда, хусусан, “Бобурнома”да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган.
Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган. 1219 йилда мўғуллар томонидан шаҳар бутунлай вайрон қилинган. Қасрнинг эски ўрнидан 5-7 километр ғарбда бунёд этилган янги шаҳар Ахси XIV-XVII асрларга оиддир. 1620 йилларга келиб зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган.
Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, бу жой Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорлик ҳисобланади. Археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жоме масжиди, мудофаа деворлари, ер ости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Арк қазиб ўрганилган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ахсикент ҳақида ўзининг “Бобурнома” асарида 1494 йилги воқеалар бобида алоҳида тўхталган.
Ахси ва унга ёндош ҳудудлардаги олиб борилган қазишмалар натижасида кўплаб ноёб топилмалар қўлга киритилди.
Бугунги кунда Наманганда “Ахси саййидлари” илмий-маърифий, меъморий мажмуасида Ахси осори-атиқалар музейи фаолият кўрсатмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан, Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича улкан ишлар олиб борилмоқда. “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилди.
[gallery-11920]
Мазкур ёдгорлик вилоят сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Юртимиз ва хориждаги сайёҳлик кўргазмаларида қадимий Ахсикент ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилмоқда. Бунинг самарасида маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг мазкур тарихий ёдгорликка қизиқиши ортмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА