Ахборотни кимдан бўлса ҳам олиш муҳим(ми)?
Шахсий фикр
Чопағон, марраси аниқ бўлган отнинг кетидан югуриб, «унга ҳеч бўлмаганда эш бўлдимку» деб айтиш жасорат эмас! Бедовни тутиб, тарбиялаб, кўпкарида соврин олган чавандозни абжир деймиз; олқишлар ёғдирамиз.
Инсон яралибдики, шов-шув, ур-сурга ўч. Айтингчи, қай биримиз жанжал бўлаётганини кўрсак, бир нигоҳ ташламай ёки бориб аралашмай ўта оламиз. Кимлардир бу тўполоннинг сабабини аниқлаб, икки томонни муросага чорлайди, ечим излайди. Кимлардир эса тайёр видеога оладида, на изоҳ, на ечимсиз «обрў», «лайк» учун ижтимоий тармоққа жойлайди. Ҳеч биримизга сир эмаски, ҳозирда биз ахборот, эркин фикрлаш асрида яшаяпмиз. Кенг жамоатчиликка хабарни етказиш эса оммавий ахборот воситалари, ахборот агентликларининг ишидир.
2003 йилдан бошлаб фақатгина олий маълумотга эга бўлган журналистлар эмас, балки шу соҳага қизиқувчи ҳаваскорлар ҳам ўз қарашларини маълум бир блогларда, платформаларда эълон қилишлари мумкинлиги тарғиб этилди. Бундан мақсад шахсий дунёқарашга эга бўлган, чигал йўлдан чиқа олишни уддалайдиган ижодкорларни ажратиб олиш эди. Аммо «устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар», деганларидек чилдирмани хоҳлаганидек чертадиганлар ҳам бу имкондан фойдаланди. Ҳозирда эса улар сон мингта. Аслида, блогерлар ким? Улар нима қилишади? Бу касб қандай пайдо бўлган? Шу саволларга ечим излайлик. Блогларнинг ривожланиш хронологияси 1992 йилдан бошланган ва унда янгиликлар нашр этилган. 1996 йилдан бошлаб блоглар оммавий тус ола бошлаган.
1999 йил августда Сан-Франсиско шаҳридаги Pyra Labs компьютер компанияси blogger.com сайтини очди ва натижада блогерлик касби илдиз ота бошлади. Блогер сўзи «ўрнатиш», «қўшимча қўшиш» деган маънони билдиради. Дастлаб бу касб эгалари ўзлари гувоҳ бўлган воқеаларга шахсий муносабат билдириб, мутасаддилардан ечим сўраб мурожаат қилишган ёки шахсий «онлайн кундалик»дек юритилган. Ҳозир ҳам шундайми? Лупа остига олиб қарашнинг ҳожати йўқ! Блогер деганда сиз кўз ўнгингизга кимни келтирасиз? Қийин вазиятлар, ечим излаётган воқеликларни ўз қарашидан келиб чиқиб ҳал қиладиган одамними? Ёки кўпроқ шов-шув кўтарадиган пашшадан фил ясайдиганларними? Ҳар икки қиёфа ҳам мавжуд.
Маданият доирасидан чиқиб на шахсий фикр, на ечим келтирмасдан, оғзига келганини айтадиганлар бемаза қовуннинг уруғидек кўпаймоқда. Ҳозир улар учун бир жумла қурол: «Беобрўйнинг нони бутун». «Комедияларга эътибор беринг, уларда аччиқ иллатлар кулги кийимида бўлади», - дейди Чарли Чаплин.
Агар эсингизда бўлса, қайсидир ҳажвий гуруҳ томонидан айнан блогерларнинг бугун биз таҳлил қилаётган иши кўрсатилганди. Блогерман дейиши билан ўрин бўшатиб берилганди Тожик халқида шундай бир мақол бор: «Дег жўшат - гўр сўзат» (Маъноси: «Қозон қайнасин - охират куйсин»).
Пашшадан фил ясайдиган блогерлар «Каптива»да янги хонадон калитини олиб юришибди. Энг қизиғи, ҳеч қанча сарфламай. Журналистик маълумотга эга бўлмаган, ўзидан қаҳрамон ясаб олган бундай юлғичлар қаёқдан пайдо бўлди? Блогер эмас, балогирлар жамиятда урчиб кетганини ҳаммамиз яхши биламиз.
Айримлари ноқонуний хатти-ҳаракати учун тегишли жазо оляпти. Ахир, халқни алдаб бўлмайдида! «Ур!..» деса кўзини чиқарадиган, салла деганда калла оладиган саводсизлар игнадек камчилик топса оламга жар соляпти. Тўғри, муаммоларни кўтарган, порахўрлик, ноҳақликларни олиб чиққан ҳақиқий блогерни журналистга тенглаштирса арзийди. Аммо, булар бармоқ билан санарли. Қарангки, энди улар оммавий ахборот воситаларига тош отишга интилмоқда. Нима эмиш, кўплаб ОАВ вакиллари ахборотни яшириб, ҳақиқатни кўрсатмаётган эмиш. Бундай позиция нотўғри.
Ахборот берилади. Уни яширишдан маъно йўқ. Ахборот миллатда шаклланган маданият, ахлоқ ўлчовларидан келиб чиқиб берилади. Ахир, ҳамма тўғри сўзни ҳам дегулик эмас, деганку боболаримиз. Ахборот - ҳокимият валютаси деган ибора бор. Аммо блогер – балогирлар ҳар қандай ахборотдан шахсий манфаат излашмоқда. Йўлга қўйилган барча имконият, ҳуқуқ ва эркинлик дан тўғри фойдаланиш даркор. Аввало, қилаётган ишингизнинг асл моҳиятини тушунинг.
Баъзида нотаниш кимса жиғимизга тегадиган, сувга ботмас гаплар ёзса, ижтимоий тармоғимиз (телеграм, инстаграм, фейсбук) дан уни блоклаб қўямиз. Яъни у бизни безовта қила олмайди. Биз танқид қилаётган кишилар ҳам қайсидир маънода гуллаётган нарсани бўғиб ташлаяпти. Сатр-сатр ёзилиб, ўқувчисини топа оладиган нашрлар ишини блоклаяпти. Давлат ходимлари олдида найранг кўрсатиб, чўнтак қаппайтиряпти. Менимча, балогирлардан талаб этаётганимиз - мукаммал тасаввур, етарлича савия, билим ва маданият компьютер «мия»сида блокланиб қолган.
Сиз нима деб ўйлайсиз?!
Моҳичеҳра АСҚАРОВА,
БухДУ филология факультети журналистика йўналиши талабаси