Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилмоқда. Бу жараён нафақат хорижий медиа вакиллари нуқтаи назарини, балки ўлкамиз ҳақидаги ҳаққоний ташқи қарашларни ҳам умумлаштиради. Шу тариқа мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, очиқ сиёсати ва ислоҳотлари халқаро ахборот маконида қандай таҳлил қилинаётгани ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
“Anadolu”: Ўзбекистон туризм орқали 15 миллион сайёҳни жалб қилишни мақсад қилган

Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги Ўзбекистон туризм соҳасини иқтисодиётнинг стратегик йўналишидан бирига айлантириш мақсадида “тўрт фасл туризми” модели асосида йирик дастурни амалга ошираётганини ёзди. Манбага кўра, мамлакатда визасиз тартибнинг кенгайиши, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмаси ривожланиши, янги туристик масканлар очилиши натижасида хорижий сайёҳлар оқими кескин ошган.
Хабарда қайд этилишича, 2025 йилда Ўзбекистонга 11,7 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарлар билан бирга, Чорвоқ, Зомин, Чимён ва Амирсой каби янги туризм ҳудудлари ҳам фаол ривожлантирилмоқда.
Агентлик шунингдек, Наманган халқаро гуллар фестивали, Бухоро Ипак ва зираворлар фестивали, миллий таомлар ва палов фестивали мамлакат гастрономик ва маданий туризм салоҳиятини кучайтираётганини таъкидлаган.
“Синьхуа”: Оролбўйини тиклашда Хитой тажрибаси қўлланилмоқда

Хитойнинг “Синьхуа” ахборот агентлиги Орол денгизи экологик инқирозини юмшатиш бўйича Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган таҳлилий материал эълон қилди.
Манбада қайд этилишича, ХХР Фанлар академияси қошидаги Синьцзян экология ва география институти ҳамда Марказий Осиё давлатлари иштирокида ташкил этилган илмий марказ орқали Оролбўйида кенг қамровли мониторинг ишлари олиб бориляпти. Хусусан, шўрланган ерларни тиклаш, чўлланишга қарши кураш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасида қўшма тадқиқот амалга оширилмоқда.
Хабарда Ўзбекистонда саксовул, тамариск каби шўрга чидамли ўсимлик экиш майдони 2 миллион гектарга етгани, бу эса чанг ва туз бўронлари камайишига хизмат қилаётгани алоҳида урғуланган.
“Kazinform”: Ўзбекистон иқтисодиёти ўсишда давом этмоқда

Қозоғистоннинг “Kazinform” ахборот агентлиги Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган фикрларга эътибор қаратди. Таъкидланишича, мамлакат иқтисодиёти сўнгги ўн йилда 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларгача ўсган.
Манбага кўра, жорий йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиздан юқори бўлиши прогноз қилинмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Эътиборлиси, агентлик ўлкада кенг кўламли ислоҳотлар бошланганидан бери 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилинганини алоҳида қайд этган.
“БТА”: ЎзА ва Болгария ахборот агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Қароргоҳи София шаҳрида жойлашган Болгария ахборот агентлиги – БТА Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА билан ахборот алмашиш соҳасида меморандум имзолаганини хабар қилди. Ҳужжат БТА Бош директори Кирил Валчев ва ЎзА Бош директори Абдусаид Кўчимов томонидан имзоланди.
Учрашувда К.Валчев ЎзА Марказий Осиёда етакчи давлат ахборот агентликларидан бири эканини таъкидлаб, Болгария Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар сафида тан олган давлатлар қаторида бўлганини қайд этди.
Ўз навбатида, А.Кўчимов мазкур келишув мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ва ахборот алоқаларини янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хорижий ҳамкорлар билан муносабатларни янада кенгайтириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
“Yonhap”: Ўзбекистон ва Жанубий Корея расмийлари иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилди

Жанубий Кореянинг “Yonhap” ахборот агентлиги Сеул ва Тошкент ўртасида муҳим минерал, сунъий интеллект ва рақамли ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинганини хабар қилди.
Манбага кўра, “Жанубий Корея – Марказий Осиё” саммити арафасида Корея Савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари ўртасида учрашув ўтказилган. Томонлар таъминот занжири, юқори технологияли саноат ва рақамли иқтисодиёт бўйича қўшма лойиҳани илгари суриш масаласига алоҳида эътибор қаратган.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА