Аввалгиларига ўхшамаган инаугурация
Одатда бундай тантанали дақиқаларда янги президентни минглаб томошабинлар чапак чалиб олқишлайди.
Шовқин солган оломон, транспарантлар, мушакбозлик - буларнинг бари шаҳарда карнавал муҳитини яратади. Бинобарин, бу гал ҳаммаси бошқача бўлди. Одамлар ўрнига АҚШ байроқлари, автомобилларнинг қувроқ сигнали ўрнига, ҳарбий техникалар сиренаси товуши... Хуллас, АҚШнинг 46-президенти инаугурацияси халқ байрамига ўхшаб эмас, балки ҳақиқий махсус амалиётни эслатди, деб ёзишмоқда оммавий ахборот воситалари.
Бунақаси аввал бўлмаган
Жо Байден ҳаёти давомида 13 марта инаугурация маросимига гувоҳ бўлган, бироқ ўз инаугурацияси аввалги бирортасига ҳам ўхшамади. Давлат раҳбари Делавэрдаги уйидан рафиқаси билан пойтахтгача яширин йўллар орқали етиб келди. Фақат қасамёдни барча президентлар каби Капитолийда қабул қилди.
"Бу - Америка куни. Бу - демократия куни. Тарих ва умид, янгиланиш ва кескин чоралар кўриш куни". Байден расмий маърузасини шу сўзлар билан бошлади. У олдин бир неча бор гапирганидек, халқни бирлаштириш, яъни америкаликларни жипслаштиришни ўз олдига вазифа қилиб танлади.
- «Америка ажойиб мамлакат. Биз яхши одамлармиз», – сўзида давом этди президент. - Босиб ўтилган йўл оз эмас, лекин олдинда ҳали узун йўл турибди. Кўп нарсани тузатиш, ўзгартириш, даволаш, қайтадан қуриш керак.
Бу билан коронавирус эпидемияси ларзага келган соғлиқни сақлаш тизими, иқтисодиёт, юз минглаб америкаликлар ҳаётдан кўз юмгани назарда тутилган. Зеро, Байден маърузасини ўқиётган дақиқаларга келиб, мамлакатда COVID-19 туфайли қурбон бўлганлар сони 403,5 минг кишидан ошган эди.
Ҳар қалай, байрам нишонланди
Гувоҳлар таъкидича, инаугурация куни Вашингтонда бироз шабада эсса-да, офтоб кулиб турди. Маросим ўзига хос шароитда ўтганига қарамай, оддий америкаликлар воқеаларни онлайн тарзда кузатиб боришди. Байден тарафдорлари янги президентни қутлаб, ўзаро бир-бирини бағрига босди, улар юзида бахтиёрлик ифодаси акс этди.
Капитолий бўйлаб аскарлар давлат мадҳияси остида саф тортишди. Давлат мадҳияси янгради.
152 йил давомида илк бор лавозимини топширган собиқ президент Дональд Трамп маросимда иштирок этмади. Унинг ўринбосари, собиқ вице-президент Майк Пенс эса, ҳар қалай, ўз ваколатини Камала Харрисга шахсан топширди.
Инаугурация маросими "Американи бирлаштириш", деб номланди. Шу боис, анъанага кўра, Арлингтон миллий қабристонидаги Номаълум аскар қабрига гул қўйиш маросимида собиқ президентлар Барак Обама, кичик Жорж Буш ва Билл Клинтон иштирок этди. Тадбирда ҳозир ҳаёт бўлган президентлардан фақат 96 ёшли Жимми Картер иштирок этолмади, холос.
Ҳарбий ҳолат
Инаугурация арафасида Вашингтон кириб бўлмас қалъага айлантирилди. Пойтахтга келмоқчи бўлганлардан саёҳатни тўхтатиб туриш сўралди. Меҳмонхоналар 20 январгача буюртма қабул қилмади.
Дарвоқе, Колумбия округида ушбу кунлари кўчага чиқишнинг имкони ҳам йўқ эди, дейишмоқда гувоҳлар. Шаҳарда ҳар куни коронавирус билан боғлиқ юзлаб ҳолат қайд этилмоқда. Кўнгилочар тадбирлар бекор қилинган, шунчаки, кўчада юришнинг ҳам иложи йўқ.
Пойтахт локдаунни бошидан кечиряпти. Кўчаларда 25 минг нафар аскар ва полициячи юрибди. Чор атроф бетон тўсиқ, махсус техника билан ўралган, Ҳар чорраҳада одамлар қаттиқ текшириляпти. Шаҳар марказидаги Миллий ҳиёбон ёпиб қўйилган. Капитолий ҳар томондан ўраб олинган. Қисқаси, шаҳардаги аҳвол ҳарбий ҳолатни эслатади, дейилади хабарда. Буларнинг барига 6 январь кунги воқеа сабаб бўлди. Ўша куни норозилик акциясига чиққан Трамп тарафдорлари икки юз йил мобайнида илк бор Капитолийга бостириб кирди ва конгрессменлар ҳаётини хавф остига қўйди.
Вашингтонда хавфсизликни таъминлашга жалб этилган Миллий Гвардия аскарлари ҳам бир неча кун давомида қаттиқ текширувдан ўтказилди. Ўн икки нафар аскар ФҚБ сўрови бўйича хизматдан четлаштирилди. Улар ижтимоий тармоқда инаугурация ҳақида номақбул гаплар ёзгани учун экстремистларга алоқаси борликда гумон қилинаётгани айтилди.
Хуллас, бу галги инаугурация аввалгиларидан фарқли ўтди. Жозеф Байден расман президентлик вазифасини бажаришга киришди. Олдинда амалга оширадиган иш кўп. Қолганини вақт кўрсатади.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА