Аввалги импорт маҳсулот энди экспорт қилинмоқда (+видео)
Ўзбекистонда қурилиш ҳажмигина ошиб бормасдан, балки қурилиш маданиятида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда. Масалан, илгари ёғочдан қилинадиган плинтуслар ўрнига ҳозир пласмассадан қилинган арзон, чиройли, чидамли плинтуслар қўлланмоқда. Яқин кунларгача улар хориждан импорт қилинар эди. Бугун эса Қўқондаги эркин иқтисодий зонада “Имкон пласт” корхонаси бир неча мамлакатларга ўзи ишлаб чиқарган плинтусларни экспорт қилмоқда.
Қўқон иқтисодий зонаси ташкил топганида бу ерда фаолият бошлаган корхоналарга солиқ, божхона тўловларида имтиёзлар берилди. Давлат томонидан барча инфратузилмалар яратилди. Шунда “Имкон пласт” корхонаси ҳам очилган эди.


Бугун у мамлакат қурилиш материаллари бозоридан муқим ўрин топди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган плинтуслар сифати юқорилиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам унинг маҳсулотлари бир неча давлатларга экспорт қилинмоқда. Айни чоғда унинг турлари кўпайтирилиб, янги дизайнлар яратилди.


– “Имкон пласт” корхонаси 2023 йилда 17 млн. метр плинтус ҳамда рейка маҳсулоти ишлаб чиқарди, – дейди корхона раҳбари Баҳромжон Ҳакимов. – 2023 йилда 15 хилдан ортиқ маҳсулотни экспорт қилдик. Маҳсулот турларини кенгайтириб, чет элдан келтириладиган багик маҳсулотини Ўзбекистонда, шу ерда ишлаб чиқармоқчимиз. Бунинг учун янги цех қуриб, ишчи ўринларини кенгайтирамиз.


“Имкон пласт”да электр кабеллари, сув шланглари ва оёқ кийимлари таглиги учун хомашё – кимёвий гранулалар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/T25h9-gxKh4" title="Avvalgi import mahsulot endi eksport qilinmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(сурат, видео),
ЎзА мухбирлари