“AvtoRaqam” иловасида инсон омили чекланган
Яъни, автомобилга рақам олиш учун ортиқча пул сарфлашга, айниқса, таниш-билиш қидиришга асло ҳожат йўқ
Чунки, автомобиллар учун давлат рақам белгиларини танлаш ва сотиб олиш "AvtoRaqam" иловаси орқали амалга оширилмоқда.
Эндиликда чиройли комбинацияга эга бўлган давлат рақам белгиларини фақатгина "AvtoRaqam" иловаси орқали танлаб олиш мумкин. Оддий давлат рақам белгиларини эса "Random" тасодифий танлаш йўли билан харид қилинади.
Ҳар икки ҳолатда ҳам инсон омили чекланган бўлиб, давлат рақам белгилари электрон дастурлар орқали берилмоқда.
Аммо, орамизда ҳали ҳам чиройли рақамларни кимлардир орқали олиш мумкин, деган қарашдаги кишилар йўқ эмас. Бундай ҳолат эса фирибгарларга қўл келиши мумкин.
Шу боис, Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи Абдулазиз Қаҳҳоров юртдошларимизни айнан шундай фирибгарликлардан огоҳ бўлишга чақирди.
– Ҳозирги вақтда ижтимоий тармоқларда давлат рақам белгиларини навбатсиз, таниш-билишчилик билан олиш мумкинлиги айтилган баъзи хабарлар тарқалмоқда, – дейди А.Қаҳҳоров. – Бу ҳақиқатга мос келмайди. Ишонч билан айта оламанки, ҳозирда республикамизнинг барча рўйхатдан ўтказиш бўлимларида ягона тартиб ва қатъий назорат ўрнатилган бўлиб, давлат рақам белгиларини олишдаги ҳар қандай ноқонуний ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш бўйича барча чоралар кўрилган.
Ҳозирги кунда фуқаролар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳудудий рўйхатлаш бўлимларига келмасдан туриб, ўзларига рақам танлаши мумкин. Бунинг учун мобиль телефонга "AvtoRaqam" иловасини юклаб олиш керак. Илова орқали чиройли комбинацияга эга бўлган рақамни танлаш ва харид қилиш мумкин.
Бундан ташқари, оддий тоифадаги давлат рақам белгиларини рўйхатлаш бўлимларига мурожаат этган ҳолда тасодифий танлаш тизими орқали олиш мумкин.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фуқароларни давлат рақами белгисини олишда фирибгарларнинг турли хил алдовларига ишонмасликка чақирди.
Моддий манфаат эвазига авторақам олиб бераман, деган шахслар аслида фирибгарлардир. Уларга дуч келганда, бу ҳақда ички ишлар органларига ёки “102” қисқа рақамларига мурожаат қилинг.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 сентябрдаги “Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра юқоридаги тартиблар жорий этилди.
Мазкур қарор асосида давлат рақами белгиларининг аукцион савдолари тўхтатилди.
Давлат рақами белгиларини бериш учун ундириладиган тўловлар миқдорлари Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузуридаги «Uzavtomotoservis» давлат унитар корхонаси томонидан белгиланади.
Автомототранспорт воситаси қайта давлат рўйхатидан ўтказилганда барча тоифалардаги давлат рақами белгилари ягона оширилган тўловнинг 50 фоизи миқдоридаги тўлов эвазига унинг эгасининг номида қолдирилиши ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа шахс номига ўтказилиши мумкин.
Норгул Абдураимова,
ЎзА