Автомобилсозликда маҳаллийлаштириш: янги кооперация занжирлари сари
Автомобилсозликда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бир қаторда, тармоқ учун зарур бутловчи қисмлар ва маҳсулотларни маҳаллий корхоналарда ўзлаштириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса импорт ўрнини босишдан тортиб, ишлаб чиқарувчилар ўртасида барқарор кооперация алоқаларини шакллантиришгача бўлган яхлит жараённи тақозо этади.
Жиззахда 29-30 сентябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган “Миллий саноат занжири” кўргазмаси ана шу жараённи янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятли. Айни пайтда тадбирга тайёргарлик жараёнида маҳаллий корхоналарнинг имкониятлари ўрганилиб, автомобилсозлик эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ўзлаштирилиши мумкин бўлган маҳсулотлар доираси аниқлаштирилмоқда.
Айни пайтда кўргазмага тайёргарлик жараёнида корхоналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш, қайси маҳсулотларни маҳаллийлаштириш мумкинлигини аниқлаш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилмоқда.
Бу жараёнда импорт қилинаётган маҳсулотларнинг маҳаллий муқобилларини таклиф этиш муҳим вазифалардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Яъни масала фақат тайёр маҳсулотни кўргазмада намойиш этиш билан чекланмайди. Асосий мақсад – бугун хориждан харид қилинаётган муайян маҳсулотни эртага маҳаллий корхона ишлаб чиқариши учун зарур шарт-шароит ва кооперация алоқаларини шакллантириш.
Шунингдек, тўлиқ ўзлаштирилган ёки айни пайтда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилаётган маҳсулотларни намойиш этиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг реал имкониятларини буюртмачи корхоналарга кўрсатиш кўзда тутилмоқда. Бу эса янги буюртмалар, технологик ҳамкорлик ва узоқ муддатли кооперация алоқалари учун асос бўлиши мумкин.
Мазкур вазифаларни амалга оширишда “Йўл харитаси” асосида иш олиб борилиши алоҳида аҳамият касб этади. Унда корхоналарнинг мавжуд салоҳиятини аниқлаш билан бирга, янги маҳсулотларни ўзлаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва саноат занжиридаги бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланиши кўзда тутилади.
Жиззах вилоятининг саноат салоҳияти эса бу борада янги имкониятларни ишга солиш учун муҳим замин яратади. Ҳудуддаги мавжуд ишлаб чиқариш корхоналарининг тажрибаси, техник имкониятлари ва янги маҳсулотларни ўзлаштириш салоҳиятини автомобильсозлик эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш орқали кооперациянинг янги йўналишларини шакллантириш мумкин.
Энг муҳими, бундай ёндашув маҳаллийлаштиришга бир марталик тадбир сифатида эмас, балки узлуксиз жараён сифатида қараш имконини беради. Бунда ҳар бир янги маҳсулотни ўзлаштириш ортида унинг аниқ буюртмачиси, ишлаб чиқарувчиси ва барқарор етказиб бериш занжири шаклланади.
Шу жиҳатдан, Жиззахдаги “Миллий саноат занжири” кўргазмаси саноат корхоналари учун ўз имкониятларини намойиш этиш майдони бўлиш билан бирга, янги ишлаб чиқариш ғояларини аниқ эҳтиёж билан боғлайдиган муҳим мулоқот майдонига айланиши кутилмоқда. Бу эса автомобилсозликда маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турини кўпайтириш ва миллий саноат занжирини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА