Автомобиль йўллари тармоғи кенгаймоқда
Миллий матбуот марказида мамлакатимиз автомобиль йўллари тармоғини такомиллаштириш масаласига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси томонидан ташкил этилди.
Миллий матбуот марказида мамлакатимиз автомобиль йўллари тармоғини такомиллаштириш масаласига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси томонидан ташкил этилди.Транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш иқтисодиётмизни ривожлантириш суръатларига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини мустаҳкамлашга йўналтирилган комплекс дастурлар, автомобиль йўллари сифатини яхшилаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Жумладан, мавжуд чорраҳалар, йўл ўтказгичлар, кўприк ва йўллар реконструкция қилинмоқда, янгилари барпо этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси директори ўринбосари Шуҳрат Даулетяровнинг сўзларига кўра, Президентимизнинг шу йил 6 мартдаги 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастури тўғрисидаги қарорига мувофиқ муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмалари модернизация қилинмоқда. Беш йил мобайнида Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган 2,6 минг километр автомобиль йўли, умумий узунлиги 370 метрлик кўприклар, еттита транспорт чорраҳаси ва йўл ўтказгич қурилиши режалаштирилмоқда.
Жорий йил охирига қадар 375 километрдан ортиқ бўлган тўрт полосали йўлларда қурилиш ва реконструкция ишларини якунлаш режалаштирилаётир. Халқаро ва республика аҳамиятига эга 112 километр магистрал ҳамда 130 километр маҳаллий йўлни капитал таъмирлаш учун Республика йўл жамғармаси томонидан маблағ ажратилган.
Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларида йўл қопламаларининг сифати ва чидамлилигини оширадиган замонавий қурилиш услублари ва технологияларидан фойдаланилади. Бунинг учун махсус 993 замонавий техника ва тармоқ корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватини янгилаш имконини берадиган 38 комплекс харид қилинди.
Таъкидлаш жоизки, ҳайдовчи ва йўловчилар учун юқори даражадаги қулайликлар яратиш мақсадида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, яқин вақт ичида йўл бўйида кемпинг ва мотеллар, ёнилғи қуйиш шохобчалари, тиббий ва техник ёрдам кўрсатиш пунктлари, автомобиллар тўхташ жойлари ва сайёҳлик комплекслари каби 240 хизмат кўрсатиш объекти қурилиши режалаштирилмоқда.
Матбуот анжуманида мутахассислар журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.