Автомашинадан пул ўғирлаган шахс ушланди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 28 январь куни соат 07:00 дан 08:00 га қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс ўғрилик содир этиб воқеа жойидан яширинган.
У Бухоро шаҳар М.Карим кўчасидан ўтган автомобиль йўли ёқасида қаровсиз қолдирилган М.Пайравий кўчасида яшовчи фуқаро Ҳ.А. га тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашина эшигини калит танлаш йўли билан очиб, автомашина олд йўловчи ўриндиғида бўлган аёллар сумкаси ичидан 1 миллион 70 минг сўм нақд пулни ўғирлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси (ўғирлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Тинчлик кўчасида яшовчи 1985 йилда туғилган фуқаро Я.С. исмли шахс содир қилганлиги аниқланган. Фуқародан 115 минг сўм нақд пуллар ва ўғирлаб олинган пуллар эвазига сотиб олинган “Huawey” русумли телефон аппарати ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳозирги кунда тергов гуруҳи томонидан фуқаро Я.С.га нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Ушбу шахснинг бошқа шу турдаги фош этилмасдан қолган жиноятларга алоқадорлиги ўрганилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА