Австралия билан спорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон давлат спорт академияси олимлари спортчиларни тайёрлашнинг замонавий усулларини илмий ўрганиш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Австралия давлатининг спорт таълими муассасалари фаолияти билан яқиндан танишди.
Сафар давомида Ўзбекистон давлат спорт академияси вакиллари Австралия спорт институти мутасаддилари, олимлари билан ўтказилган илмий-амалий учрашувларда спорт соҳасида замонавий ёндашувлар, илмий тадқиқотларни амалиётга жорий этиш ва спортчилар тайёргарлигини такомиллаштириш масалаларини таҳлил қилди.

Австралия спорт комиссияси ва спорт институтининг юқори маҳоратли ҳамда оммавий спортни ривожлантиришдаги тузилмаси ва стратегик роли, илмий тадқиқотларни спортчилар тайёргарлиги жараёнига интеграция қилиш, мураббийларни тайёрлаш ҳамда уларнинг касбий ривожланишини таъминлаш, лаборатория ва илмий-тадқиқот инфратузилмаси йўналишлари тадқиқ этилди.

Яшил қитъа спорт таълим муассасалари, алоҳида тузилмаларидаги учрашув ва давра суҳбатлари, амалий машғулотларда Ўзбекистон давлат спорт академиясининг фаолияти, тузилмаси ва спорт соҳасидаги устувор йўналишларига бағишланган тақдимотлар ўтказилди.
Мулоқотлар якунида томонлар илмий ишланмаларни спортчилар тайёргарлиги жараёнига жорий этиш, мураббий ва мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш, Австралия спорт тизимининг илғор тажрибаларини мамлакатимиз жисмоний тарбия ва ва спорт тизимига жорий этиш каби бир қатор йўналишларда келишувларга эришилди.
Т.Рўзиев, ЎзА