“Авлоний” бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди
Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “Авлоний” бадиий фильмининг премьераси ўтказилди.
Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “Авлоний” бадиий фильмининг премьераси ўтказилди.
Картина намойишига киношунос олимлар, тарихчи ва адабиётшунослар, хорижий меҳмонлар, Абдулла Авлонийнинг авлодлари таклиф этилди.
...Киносарой XX аср тарихий муҳитини берадиган декорациялар билан безатилган. Кино ихлосмандлари эсдаликка суратга тушиб, эстетик завқ олишди. Фильм ижодкорлари ва нуфузли меҳмонлар махсус қизил йўлакдан кириб келди.

Тақдимотни ''Ўзбеккино'' миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев очиб берди. Ушбу фильмнинг суратга олингани жадидчилар тарихини очиб беришга қаратилган дастлабки қадам бўлиб хизмат қилиши таъкидланди. Сўнг картина томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Фильм қуйидаги сўзлар билан бошланади: “Умр бўйи халқимнинг маърифати, озодлиги учун курашдим. Ҳақ йўл дея ҳурриятга эргашдим...”.
Фильм Тоҳир Маликнинг “Қалдирғоч” асари мотиви асосида суратга олинган. Сценарий таниқли адиб Тоҳир Малик ва Муқаддас Усмоновалар қаламига мансуб. Фильм режиссёри Музаффар Эркинов.

Киноасарда Абдулла Авлоний ролини Хоразм театри актёри Алишер Йўлдошев ижро этган. Фильмда шунингдек, маҳоратли актёрлардан Матёқуб Матчонов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Аброр Йўлдошев, Жавоҳир Зокировлар иштирок этган.
Авлонийни китобхон шоир, драматург, мураббий, илк дарсликлар муаллифи, “Мактаб”, “Нашриёт” ширкатлар муассиси, ўзбек театри асосчиларидан бири, “Турон” театр труппаси тузувчиси деб билади.
Фильмда Авлоний ўз дипломатик позициясига эга шахс ва жамиятнинг типик вакили сифатида гавдалантирилган. Фильмда унинг фаолиятидаги барча соҳалар қисман бўлса-да, тасвирланади. Шунингдек, аввалига жадидчилар қаторида бўлган Авлонийнинг кейинчалик Шўролар ҳукуматига хизмат қилиш сабаблари, Афғонистонга қилинган сафар баробарида унинг ўша ҳукуматга нисбатан пайдо бўлган қарши фикрлари, миллати ва юрти учун чин юракдан жон койитиши тасвирланади.

Шунингдек, фильмда Абдулла Авлонийнинг 1919 йилда Афғонистонга қилган дипломатик сафари ҳақида ҳикоя қилинади.
– Биз Авлонийнинг ижодкорлиги, маданият ва санъат ривожи йўлида қилган ишлари билан бир қаторда, уни жамоат арбоби, доно элчи эканлигига ҳам урғу бердик, – деди Музаффар Эркинов. – Буни қанчалик уддаладик, баҳосини томошабин беради. Фильмни янада такомиллаштириб, сериал кўринишида томошабинлар эътиборига ҳавола қилиш ниятидамиз.
Мамлакатда оғир тузум ва инқирозли тизим кечаётган бир даврда яшаган Авлонийнинг турлича фикрлар, оқимлар, сиёсий қарашлар ўртасидаги курашларга нисбатан кечган ички туйғулари, миллатининг келажаги учун қилган ҳаракатлари фильм асосини ташкил этади.
Маълумот учун, фильм 7 декабрдан юртимиз кинотеатрларида намойиш этилади.