Авлодлар жасорати ҳеч қачон унутилмайди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ўзбекистон “ Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, деган ибратли гап бор. Дарҳақиқат, кексалари бор хонадонда қувонч, файзу барака, хотиржамлик ҳукм суради. Мамлакатимизда кексаларни ҳурмат қилиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу йил Президентимизнинг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” ги фармонига кўра, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Республика давлат бюджетидан бир марталик пул мукофоти – 15 миллион сўмдан маблағ ажратилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Навоий вилоятида 9 нафар уруш қатнашчиси яшамоқда. Уларга ушбу пул маблағлари ва Президентимизнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига йўллаган табриги топширилди. Дастлаб фонд ходимлари Кармана тумани “Деггарон” маҳалласи Арабхона қишлоғида яшовчи, 1927 йилда туғилган Иккинчи жаҳон уруши фронт орти меҳнат фахрийси Саттор бобо Турсунов хонадонида бўлди.

Учрашувда отахон уруш йилларини эслаб, ўша даврдаги вазият, қийинчиликлар ҳақида гапириб берди ва бугунги кунга шукрона келтирди. Шу куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Хатирчи тумани “Чечак ота” маҳалласида яшовчи Эшниёз бобо Эргашев ва “Оқ олтин” маҳалласида яшовчи Бекназар бобо Қараев хонадонларига ҳам борилди.
– Мамлакатимизда 9 май санасининг “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида нишонланиши Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган, фронтларда бедарак йўқолган, ғалабага эришиб, ғурур билан она заминга қайтган миллионлаб юртдошларимизга кўрсатилган ҳурмат рамзидир, – дейди 96 ёшни қаршилаган Эшниёз бобо Эргашев. – Биз ана шундай ўтганларни хотирлаб, ҳаёт бўлганларни эса қадрлаган давлатда, кексалик гаштини сураётган нуронийларга юксак ҳурмат кўрсатилган жамиятда яшаётганимиз учун миннатдормиз. Буни мен урушда кечган заҳматларимиз, оғир синовлар учун берилган энг катта мукофот деб биламан.

Кекса авлод вакиллари билан ўтказиладиган ҳар бир учрашув, ҳар бир байрам тадбири нафақат тарих ва хотира, балки ота-боболаримиз жасоратини тарғиб қилиш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.
Абдували Бўриев, ЎзА