Авиация ва туризм: Ўзбекистон ICAO билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришда авиация соҳасининг ўрни тобора ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан мамлакатнинг халқаро авиация ташкилотлари билан ҳамкорлиги янги имкониятларни юзага чиқармоқда.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ICAO) Европа ва Шимолий Атлантика минтақавий бюроси директори Николас Ролло билан учрашди. Мулоқот давомида ICAOнинг халқаро фуқаро авиациясини ривожлантиришдаги ўрни, ташкилот фаолияти ҳамда Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилинди.
Учрашувда таъкидланганидек, ICAO БМТнинг ихтисослашган муассасаси сифатида 193 та давлат ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиради, халқаро авиация стандартлари ва тавсияларини ишлаб чиқади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон авиация соҳаси Марказий Осиёда жадал ривожланаётган йўналишлардан бирига айланмоқда. ICAO ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик ҳам изчил мустаҳкамланиб, мамлакат аэропортлари инфратузилмасини такомиллаштириш, замонавий технологиялар ва инновацион ечимларни жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Учрашувда фуқаро авиациясининг туризмни ривожлантиришдаги аҳамиятига алоҳида урғу берилди. Чунки халқаро авиаташувлар географиясининг кенгайиши, парвозлар учун қулай шароитларнинг яратилиши ва аэропортларда хизмат кўрсатиш сифатининг ошиши мамлакатнинг сайёҳлик жозибадорлигига бевосита таъсир қилади.
Қайд этилишича, халқаро авиақатновларнинг кўпайиши, ўз навбатида, Ўзбекистонга етиб келишни осонлаштиради. Бу эса янги туристик бозорларни ўзлаштириш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва мамлакатнинг халқаро туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш учун муҳим омил бўлади. Шу жиҳатдан авиация ва туризм соҳаларининг ўзаро уйғун ривожланиши нафақат сайёҳлар учун қулайлик, балки мамлакат иқтисодиёти учун ҳам янги имкониятларни англатади. Хорижий туристлар оқимининг ортиши меҳмонхона, транспорт, умумий овқатланиш, маданий ва кўнгилочар хизматларга бўлган талабни ҳам оширади.
Учрашув якунида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, халқаро сайёҳлик оқимини ошириш ҳамда авиация ва туризм соҳалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олинди. Бу ҳамкорлик Ўзбекистоннинг халқаро авиация тармоғидаги мавқеини мустаҳкамлаш билан бирга, мамлакатни хорижий сайёҳлар учун янада очиқ ва қулай йўналишга айлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА