Авф этилганларнинг муаммолари ўрганилди
Бухоро вилояти сектор раҳбарлари, ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари ва бошқа мутасаддилар иштирокида вилоят 3-сектор штаби биносида афв этилган фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда авф этилганларни уй-жой ва иш билан таъминлаш, саломатлигини тиклаш ҳамда бошқа мавжуд муаммоларини ҳал этиш борасида юзма-юз мулоқот ўтказилди.

Учрашув давомида уларнинг келгусидаги мақсад ва режалари ўрганилди. Билдирган муаммоли масалалари бўйича чора-тадбирлар белгиланди ва мутасаддиларга манзилли топшириқлар берилди.

Маълумот учун, Президентимизнинг 2022 йил 7 декабрдаги “Афв” фармонига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 13 нафар Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ҳамда 8 нафар ҳудудий Ички ишлар органларининг пробация хизмати назорати остида турган бухоролик маҳкумлар ҳам жазодан озод этилди.

Ушбу шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиши, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш мақсадида ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва тегишли ташкилотлар томонидан зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА