Аваза саммити: сиёсий ишончдан иқтисодий интеграция сари
Жорий йилнинг 8 октябрь куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Эътиборлиси, мазкур йиғин минтақада ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди. Айниқса, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, минтақанинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда умумий манфаатларга асосланган стратегик шерикликни ривожлантириш масалалари тадбирнинг асосий йўналишларидан бўлди.
ЎзА мухбири ушбу анжуманнинг мазмун-моҳияти, иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари ва диёримизнинг минтақадаги ўрни хусусида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Мухтор Назиров фикрларини ёзиб олди.

– Аввало таъкидлаш керакки, Туркманистондаги саккизинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий ҳамкорликни сиёсий мулоқотдан амалий тараққиёт кун тартибига ўтказишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Минтақа давлатлари энди қўшнилар билан яхши муносабатларнинг ўзи билан чекланмаяпти. Улар ўз тараққиётини бир-бирига боғлиқ жараён сифатида кўра бошламоқда. Транспорт, энергетика, савдо, сув, саноат ва рақамли технологиялар билан боғлиқ масалалар тобора умумий минтақавий вазифалар сифатида қаралмоқда.
Саммитнинг асосий ғояси ҳам шундаки, минтақада шаклланган сиёсий ишончни ўзаро иқтисодий боғлиқликка, уни эса миллий манфаатларни уйғунлаштирувчи умумий тараққиёт моделига айлантиришга интилиш кучаймоқда. Бу ягона иқтисодий ёки сиёсий маконни шакллантиришдан кўра, давлат салоҳиятни бирлаштириш орқали уларнинг тараққиёт имкониятларини кенгайтиришни англатади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саммитдаги нутқида илгари сурилган ташаббусларнинг амалий аҳамияти уларни аниқ лойиҳалар ва ўлчанадиган натижалар билан боғлашда намоён бўлади. Қўшма корхоналар, инвестиция дастурлари, транспорт ва энергетика инфратузилмаси ҳамда таълим соҳасидаги шериклик минтақавий келишувларни иқтисодий фаолликка татбиқ этиш механизмларидир.
Бу ерда муҳим нуқта бор: минтақавий ҳамкорликнинг қиймати энди тадбиркорнинг бозорга чиқиши, юкнинг чегарадан тез ўтиши, корхонанинг барқарор энергия олиши, фермернинг сувдан самарали фойдаланиши ва ёш мутахассиснинг янги иш ўрнига эга бўлишида кўринади. Яъни, минтақавий сиёсат кундалик иқтисодий ҳаётга яқинлашмоқда.
C6 формати ана шу жараённинг ташқи контурини кенгайтирмоқда. Марказий Осиёнинг беш давлати ва Озарбайжоннинг бир майдонда ҳаракат қилиши Каспийнинг икки соҳилини боғлайди. Марказий Осиё учун Озарбайжон орқали Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа бозорларига чиқиш имкониятлари кенгаяди. Озарбайжон учун эса Марказий Осиёнинг саноат, ресурс ва транспорт салоҳияти янги иқтисодий лойиҳалар манбаига айланиши мумкин.
C6 форматининг аҳамияти кўпроқ умумманфаатли соҳаларда давлатларнинг биргаликда ҳаракат қилиш қобилиятини оширганда кўринади. Бу ерда ўлкаларнинг ташқи сиёсий қарашлари қанчалик яқинлигидан кўра аниқ иқтисодий лойиҳаларни қанчалик самарали амалга ошира олиши ҳал қилувчи омилга айланмоқда.
Иқтисодий ҳамкорликнинг кейинги босқичи қиймат занжирларини бирлаштириш билан боғлиқ. Ўзбекистон томонидан таклиф этилаётган “Олти иқтисодиёт – бир маҳсулот” формуласи шу жиҳатдан долзарб ҳисобланади. Бир мамлакат хомашё, бошқаси қайта ишлаш, яна бири технология ёки бутловчи қисмлар билан иштирок этиши мумкин. Якуний маҳсулот умумий транспорт тармоғи орқали кенгроқ бозорга етказилади.
Бундай модель минтақа учун икки имконият яратади. Биринчиси, ишлаб чиқариш кўлами кенгаяди. Иккинчиси, мамлакатлар бир-бирининг иқтисодий барқарорлигидан манфаатдор бўлиб қолади. Бу эса минтақавий ҳамкорликка янада мустаҳкам иқтисодий асос беради.
Бироқ бу модель автоматик равишда ишламайди. Технология, кадрлар, сертификатлаш, божхона жараёнлари ва молиялаштириш механизмлари мувофиқлаштирилмаса, қиймат занжири узилиб қолиши мумкин. Қўшма лойиҳаларда ҳар бир давлатнинг қанча қўшилган қиймат яратиши ҳам муҳим. Марказий Осиёнинг узоқ муддатли мақсади хомашё етказиб беришдан юқори технологик ишлаб чиқаришга кўтарилиш бўлиши керак.
Транспорт бу моделнинг асосий инфратузилмасига айланади. “Ўрта йўлак” транспорт артерияси Марказий Осиё, Каспий, Жанубий Кавказ ва Европа ўртасидаги алоқаларни кучайтириш учун муҳим имконият беради. Лекин коридорнинг рақобатбардошлиги фақат темир йўл ва портларга боғлиқ эмас. Чегарадаги кутиш вақти, божхона жараёнлари, тарифлар, рақамли ҳужжатлар ва ташиш жадвалларининг барқарорлиги ҳам муҳим.
Шу сабабли транспорт йўлакларини иқтисодий коридорларга айлантириш вазифаси пайдо бўлади. Логистика марказлари, омборлар, сервис корхоналари ва экспорт ишлаб чиқаришлари йўлак бўйлаб ривожланса, транзитдан олинадиган иқтисодий самара ортади. Бу Марказий Осиёнинг географик жойлашувини реал иқтисодий устунликка айлантиришнинг энг амалий йўлларидан бири.
Энергетика ҳам шу тизимнинг бир қисми. Масалан, энергетика соҳасида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжоннинг “Яшил энергия коридори” ташаббуси минтақавий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан биридир. 2024 йил ноябрда келишилган лойиҳа Марказий Осиёда ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи электр энергиясини Каспий денгизи тубидан ўтувчи сувости кабели ва Озарбайжон орқали, Қора денгиз кабель тизими билан боғланган ҳолда, Европа бозорларига етказишни назарда тутади. Ҳозирги босқичда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ва ҳуқуқий механизмлари ишлаб чиқилмоқда. У амалга ошса, уч давлатнинг электр тизимлари ўзаро боғланиб, “яшил” энергия савдоси ва экспорт имкониятлари кенгайиши мумкин.
Критик минераллар ва стратегик аҳамиятга эга металлар соҳаси ҳам минтақанинг янги иқтисодий имкониятларини очиб бермоқда. Глобал иқтисодиётда рақамли технологиялар ва “яшил” энергетика учун зарур минераллар ҳамда металларга талаб ортиб бораётган шароитда Марказий Осиё олдида турган асосий вазифа хром, мис, уран, марганец, рений, никель, литий, вольфрам ва сурьма каби минтақада мавжуд ресурсларни қазиб олиш билан чекланиб қолмасликдир. Уларни қайта ишлаш, илғор технологияларни ўзлаштириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш минтақанинг ресурс салоҳиятини иқтисодий ўсиш ва технологик тараққиёт омилига айлантириши мумкин.
Маълумки, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва шаҳарлар ривожи сув ресурсларига боғлиқ. Шунинг учун сув масаласи минтақавий иқтисодий сиёсатнинг марказий қисмига айланмоқда. Сувдан самарали фойдаланиш бўйича ишончли маълумотлар, рақамли мониторинг, ирригацияни модернизация қилиш ва сув тежовчи технологиялар келгуси тараққиётнинг муҳим шартларидир.
Оролбўйи муаммоси минтақавий ҳамкорликнинг экологик ва ижтимоий аҳамиятини яққол намоён этади. Ўзбекистоннинг 2027 йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги экологик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун имконият яратади. Бу борадаги ҳамкорлик самарадорлиги қабул қилинган қарорлар билан эмас, аввало, экологик вазиятнинг яхшиланиши ва маҳаллий аҳоли турмуш шароитининг ўзгариши билан баҳоланиши лозим.
Рақамли технологиялар ва инсон капитали эса юқоридаги барча йўналишларни бирлаштиради. Янги заводлар, энергетика объектлари ва транспорт марказлари малакали кадрларсиз самарали ишлай олмайди. Шунинг учун касблар атласи, қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва технологик тадбиркорлик иқтисодий ҳамкорликнинг узоқ муддатли асосига айланади.
Яна бир муҳим жиҳат: минтақавий интеграцияни фақат давлатлараро муносабатлар доирасида баҳолаш бугунги жараёнларни тўлиқ англаш учун етарли эмас. Унда корхоналар, университетлар, инвесторлар ва меҳнат бозори ҳам тобора фаол иштирок этмоқда. Интеграциянинг иқтисодий ва ижтимоий самараси қанчалик юқори бўлса, унинг сиёсий барқарорлиги ва узоқ муддатли истиқболи учун замин ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.
Минтақавий ташаббусларнинг самараси уларни амалга ошириш тизимига боғлиқ. Бунинг учун лойиҳаларнинг молиявий манбалари, масъул ташкилотлар, бажариш муддатлари ва натижаларни баҳолаш кўрсаткичлари олдиндан белгиланиши зарур. Ана шу механизмлар келишувларнинг амалий натижаларга айланишини таъминлайди.
Ўзбекистон учун Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик миллий тараққиётнинг муҳим шартларидан биридир. Савдо, транспорт, энергетика ва экологик барқарорлик соҳаларидаги ҳамкорлик мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий манфаатларига мос келади. Аваза саммитининг аҳамияти ушбу йўналишларни ўзаро боғлиқ минтақавий тараққиёт кун тартибига бирлаштириш имкониятида намоён бўлади. Бу имкониятнинг амалий натижаси давлатларнинг қўшма ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва минтақавий инфратузилмани ўзаро уйғунлаштириш қобилиятига боғлиқ.
Узоқ муддатли истиқболда эса Марказий Осиёнинг ўрни нафақат унинг географик жойлашуви, балки минтақавий қиймат занжирларидаги иштироки, технологик салоҳияти ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятлари билан ҳам белгиланади.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА