Аукционда сотувга чиқарилди
Сирдарёда кредит мажбуриятларини ўз вақтида бажармаган қарздорнинг қурилиши тугалланмаган корхона бинолари 5 млрд 651 млн сўмга баҳоланиб, аукцион савдосига чиқарилди. Бу тадбир давлат бюджети манфаатларини ҳимоя қилиш ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорга ижро ҳужжати талабини ихтиёрий бажариш учун муддат берилган, бажармаслик оқибатлари тўлиқ тушунтирилган. Аммо “М.Г.Г” МЧЖ ўз мажбуриятларини бажармади, шу боис бинога нисбатан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилди.
Суд қарорлари асосида амалга оширилган ушбу ижро ҳаракатлари Сирдарё туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 21 августдаги қарори билан қўллаб-қувватланди. Суд қарорида давлат бюджети фойдасига 5 млрд 638 млн сўм давлат божи ундириш белгиланган эди.

Банклар томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар тақдим қилинади. Ушбу имкониятлар кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва иқтисодий фаолликни ошириш учун муҳимдир. Аммо кредит маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлари ҳам учраб туради, бу эса давлат ва молиявий барқарорликка салбий таъсир қилади.
Энг муҳими шундаки, бу ҳолат тадбиркорлар учун кредит мажбуриятларини ўз вақтида бажаришнинг аҳамиятини кўрсатиб турибди. Давлат ва молия институтлари томонидан яратилаётган имкониятлардан масъулият билан фойдаланиш орқали бизнес ва иқтисодий барқарорлик мустаҳкамланиши мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА