
Бугунги кунда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва келажак авлодга соғлом муҳит қолдириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масалага айланмоқда. Жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга қарши курашиш учун жиддий чоралар кўраётган бир пайтда, Ўзбекистон ҳам стратегик мақсадларини белгилаб, амалий ислоҳотларга киришди.
Давлатимиз раҳбари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва экологик хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб келмоқда. “Ўзбекистон-2030” стратегияси ва давлат дастурларида экологик муаммоларни ҳал этиш, чўлланишнинг олдини олиш, ҳаво ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш, шаҳар ва қишлоқларни яшил ҳудудларга айлантириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Бунинг амалий тасдиғи сифатида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Лойиҳа доирасида ҳар йили 200 миллиондан ортиқ дарахт ва кўчат экилиб, шаҳар ва қишлоқлар яшил ҳудудларга айлантирилмоқда. Шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш мақсадида энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи манбаларга асосланган шаҳарсозлик ривожлантирилмоқда.
Экологик муаммоларни ҳал этишда давлат билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ҳам муҳим роль ўйнайди. Улар жамоатчилик назоратини амалга ошириш, экологик қонунчилик ижросини кузатиш, жамоатчилик фикрини шакллантириш ва давлат органлари билан мулоқот ўрнатишда фаол иштирок этмоқда. Шу билан бирга, аҳолини атроф-муҳит муҳофазасига жалб қилиш, экологик онг ва маданиятни шакллантириш орқали экологик маърифатни оширишга ҳисса қўшмоқда.
Бугунги кунда жаҳон миқёсида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича бир қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Европа Иттифоқи 2050 йилга бориб углерод нейтралитетини таъминлашни мақсад қилган бўлиб, бу иқлим ўзгаришининг олдини олиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили 10 миллион гектар ўрмон йўқ қилинади. Бу ҳудуд бўйича айрим йирик давлатлар ҳудудига тенг бўлиб, бундай катта миқёсдаги йўқотишлар экологик мувозанатга жиддий таҳдид солади ва глобал иқлим ўзгаришига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли жаҳон ҳамжамияти ўрмонларни сақлаб қолиш ва қайта тиклашга катта эътибор қаратмоқда.
Бир триллион дарахт лойиҳаси (Trillion Tree Initiative) дунё бўйлаб 2030 йилга қадар бир триллион дарахт экишни кўзда тутади. Бу ташаббус иқлим ўзгаришини сустлаштириш, атмосферадаги СО2 миқдорини камайтириш ва биологик хилма-хилликни сақлаб қолишга қаратилган. Шунингдек, “Яшил девор” лойиҳаси доирасида Африка қитъасида Сахара чўлининг тарқалишини олдини олиш мақсадида 8000 километр узунликда дарахтзорлар барпо этилмоқда. Бу лойиҳа нафақат иқлим ўзгаришига қарши курашиш, балки маҳаллий аҳоли учун янги иқтисодий имкониятлар яратишга ҳам хизмат қилади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, яшил муҳит инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатиб, стресс даражасини камайтиришга ёрдам беради. Демак, экологик ташаббуслар фақат табиатни асраб-авайлаш эмас, балки инсон саломатлиги ва жамият фаровонлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.
Дарахт экиш, яшил ҳудудлар барпо этиш каби ташаббусларни фақат давлат ёки айрим фуқаролар эмас, балки хусусий сектор ва жамоат ташкилотлари ҳам қўллаб-қувватлаши зарур. Бу эса экологик барқарорликни таъминлашда давлат ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш – фақат ҳукуматнинг вазифаси эмас, балки ҳар бир инсоннинг масъулиятидир. Ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшиб, юртимизни гуллаб-яшнаётган, обод ва экологик барқарор мамлакатга айлантиришга ҳисса қўшишимиз керак!
Элдор Туляков,
"Тараққиёт стратегияси" маркази ижрочи директори