Атроф-муҳит муҳофазаси барчанинг бурчи
Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Абдушукур Ҳамзаев Навоий вилоятидаги сайловчилар билан учрашди.
Дастлаб номзоднинг таржимаи ҳоли ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод А.Ҳамзаев сўзга чиқиб, “Яшил тараққиёт учун!” шиори остидаги сайловолди дастурида мамлакатда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ва экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали аҳолининг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, экологик хавфсизликни таъминлаш энг устувор вазифалар сирасига киришини қайд этди.
– Иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича пестицидлардан фойдаланишни воз кечишга йўналтирилган “Яшил Ўзбекистон – 2030” дастури, инвестицциявий жозибадорликни ошириш мақсадида “Яшил виза” дастурини жорий этиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси” ни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратамиз, – деди А.Ҳамзаев. – Шунингдек, аҳоли яшаш пунктларида бадбўй ҳид чиқараётган, локал оқова сув тозалаш иншоотлари бўлмаган корхоналар фаолиятини белгиланган талабларга жавоб берадиган технологиялар жорий этилмагунча тўхтатиш тартибини киритиш, юк ташишни йирик юк машиналаридан темир йўл транспортларига ва атроф-муҳитга камроқ таъсир кўрсатадиган бошқа транспорт турларига ўзгартириш ҳам диққат марказимизда бўлади.
[gallery-12322]
Номзоднинг дастурида давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш стратегияси” ни қабул қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган “Яшил энергетика стратегияси” ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, қишлоқ хўжалиги, саноат ва иқтисодиёт тармоқларида сувдан самарали фойдаланиш ва унинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган Миллий дастурни ишлаб чиқиш, “Халқаро савдода айрим хавфли кимёвий моддалар ва пестицидларга нисбатан олдиндан асосланган келишув тартиб-таомили тўғрисида” ги Конвенция, “Атроф-муҳитга таъсирни трансчегаравий нуқтаи назардан баҳолаш тўғрисида” ги Конвенция, “Ҳавони узоқ масофаларгача трансчегаравий ифлосланиши тўғрисида” ги Конвенцияга қўшилиш чораларини кўриш асосий мақсад сифатида белгиланган.
Шу билан бирга биологик хилма-хиллик ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби” га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари муҳофазасини кучайтириш мақсадида тегишли қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилади.
Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дастуридаги таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаган ҳолда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА