”Atour” меҳмонхонаси ишга тушди
Сўнгги йилларда юртимизда иқтисодиётнинг асосий йўналишларидан бири саналган туризм соҳасини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунинг натижасида Наманганга сайёҳлар оқими сезиларли даражада ортмоқда. Бу ўз навбатида сайёҳлар учун замонавий меҳмонхоналарга бўлган талабни оширади.
Давлатобод туманида муҳташам туризм инфратузилма объекти саналган “Atour” уч юлдузли меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. Унинг тантанали очилиш маросимида вилоят секторлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, туман фаоллари ва нуронийлар иштирок этди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов гуллар байрамининг ўтган 14 куни давомида вилоятга жами 4,2 миллионга яқин сайёҳ келганлиги, хусусан 60 га яқин давлатдан 170 мингдан зиёд турист ташриф буюргани, бундай меҳмонхоналар туризм ривожида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Тадбиркор Абдураҳмон Ҳабибуллаев раҳбарлигидаги “Global Busines Center” масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 миллион АҚШ доллари эвазига барпо этилган янги замонавий меҳмонхона 150 ўринга мўлжалланган. Бунинг натижасида 60 та янги иш ўрни яратилиб, уларга хорижий тилларни мукаммал биладиган, меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатадиган малакали кадрлар ишга қабул қилинди.
Меҳмонхонада келгусида алоҳида спорт зали, сауна ва мини-футбол майдончаси барпо этиш режалаштирилган. Эътиборлиси, янги маскан Наманган халқаро аэропортига яқин манзилда жойлашган бўлиб, юртимизнинг бошқа ҳудудлари ҳамда чет элдан келувчи сайёҳлар учун қулай.
Қайд этиш жоизки, Наманган вилоятида бундан уч йил аввал меҳмонхона, хостел, кемпинг ва оилавий меҳмон уйлари каби 264 та, 3 минг 660 ўринли жойлаштириш воситалари бор эди. 2024 йилнинг 1 май ҳолатига эса уларнинг умумий сони 684 тага, ўринлари сони 10 минг 819 тага етди.
[gallery-17689]
Вилоятда 2026 йилга қадар туризм йўналишида умумий қиймати 5,2 триллион сўмлик 87 та лойиҳа манзилли шакллантирилиб, улардан жорий йил якунига қадар 1,8 триллион сўмлик 79 та истиқболли лойиҳа ишга туширилиши кўзда тутилган.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбирлари