Атоқли адиб ижодига бағишланди
Президентимизнинг Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлашга оид қарорига биноан мамлакатимиз бўйлаб тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон тарихи давлат музейининг филиали – Тошкент музейида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўткир Ҳошимов миллий адабиётимиз, журналистика соҳасида самарали меҳнат қилган заҳматкаш ижодкор эди. Адибнинг илк китоби — «Пўлат чавандоз» 1962 йилда яратилиб, асосан очерклардан иборатдир. Унинг йирик насрий асарлари — «Чўл ҳавоси» «Одамлар нима деркин» (1965), «Шамол эсаверади» (1966), «Қалбингга қулоқ сол» (1973), «Баҳор қайтмайди» (1970), «Дунёнинг ишлари» (1982) қиссалари ҳамда «Нур борки, соя бор» (1976), «Икки эшик ораси» (1986), «Тушда кечган умрлар» (1994) романлари адабиёт мухлисларига яхши таниш.
Кечада қайд этилганидек, ёзувчининг бир қанча асарлари экранлаштирилган. «Хазон бўлган баҳор», «Инсон садоқати» (1975), «Виждон дориси», «Тўйлар муборак» (1979), «Қатағон» каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифи. «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» (2001) китоби ижтимоий-маънавий ҳаётда муайян из қолдиргани билан аҳамиятлидир.
Устоз ёзувчи Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1986). «Меҳнат шуҳрати» (1996), «Буюк хизматлари учун» (2001) орденлари билан мукофотланган эди.
Тадбирда устоз ижодкор асарларининг адабий-бадиий аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, ЎзА