ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбек миллий матолари – халқимизнинг узоқ ҳамда шонли ўтмиши, қадимий анъаналари, эстетик дунёқараши, диди ва ўзига хос хусусиятларини намоён этади. Айниқса, хон атласу адрас матоларидан тикилган либослар ўзбек аёлларининг ҳуснига ҳусн қўшади.
Гўзаллик ва нафосат, ибо ва хаё намунаси бўлган миллий либосларимизни асраб авайлаш, ёш авлод қалбида азалий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат руҳини тарбиялаш мақсадида 3 йилдан буён анъанавий тарзда “Хон атлас” фестивали ўтказиб келинмоқда. Ташаббус доирасида Сурхондарё вилоятида ҳам турли кўргазмалар, маданий тадбирлар ташкил этилди.
[gallery-19270]
Термиз шаҳридаги Санъат саройида ўтказилган ана шундай тадбир хон атлас, адрас либосидаги талаба-қизлар, жамиятимиздаги фаол аёллар, ҳожи оналар билан ўзгача қиёфа касб этди. Бу гўзаллик қалбларни тўлқинлантирди. Миллий оҳангдаги мусиқа садолари ва қўшиқлар эса бундай бетакрорликни янада тўлдирди.
Сурхоннинг Барчиной қизлари, сулув келинчаклари, кайвони онахонлари эгнидаги хон атлас билан боқий қадриятларимизни тарғиб этди.
– Бугун дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторидан жой олишга интилар эканмиз, бу жараёнда миллийлигимизни, ўзлигимизни, аждодлар меросига ҳурмат ҳиссини сақлаб қолмоғимиз шарт, - дейди Термиз шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Гулнора Раҳмонова. – Бу борада эса “Хон атлас” фестивали каби тадбирлар катта аҳамият касб этади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА