Асоссиз олинган миллиардлар қайтариб берилади
Рақобат қўмитаси томонидан амалга оширилган ўрганишлар натижасида “Еростигаз” АЖ томонидан асоссиз равишда олинган қарийб 2,8 миллиард сўм пул маблағлари якуний истеъмолчига қайта ҳисоб-китоб қилиниши белгиланди.
Маълум бўлишича, Қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси Ангрен шаҳрида фаолият юритувчи “Ангрен иссиқлик электр станцияси” АЖнинг мурожаатини ўрганиб чиққан.
Олиб борилган ўрганишлар натижасида, “Еростигаз” АЖ томонидан “Ангрен иссиқлик электр станцияси” АЖга етказиб берилган газ учун 2024 йил февраль ойида 135 минг 969 сўм тариф нархи ўрнига белгиланган тартибда декларация қилинмасдан оширилган 265 минг 536 сўм тариф нархини қўллаб, асоссиз 1,8 миллиард сўмдан ортиқ ҳамда март ойида 12 кун мобайнида 1 миллиард сўмга яқин жами 2,8 миллиард сўмга яқин асоссиз пул маблағларини олганлик ҳолати аниқланди.
Шу асосда ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан “Еростигаз” АЖга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 239-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилгани бўйича иш қўзғатилди.
Натижада корхонага молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик ҳамда асоссиз ҳисобланган қарийб 2,8 миллиард сўм маблағни якуний истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича мажбурий кўрсатма берилди.
Айни вақтда мазкур иш суд тартибида кўриб чиқилмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА