Асосий талаб – аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш
18 апрель – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 84 минг хонадондан иборат 2300 дан ортиқ кўп қаватли уй мавжуд. Бу уйларда яшовчи аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш, улар учун қулай турмуш шароити яратишда коммунал хўжалик ташкилотларининг муносиб ўрни бор.
– Кейинги йилларда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси тубдан такомиллашди, – дейди Самарқанд вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳодир Негматов. – Аҳолига сифатли ва замон талабларига мос хизмат кўрсатишга эҳтиёж ошди. Айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчилар учун сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш асосий талаблардан бирига айланди. Аввало уй-жой коммунал хўжалиги бошқарма ва бўлимлари ташкил этилди. Аввалги ширкатлар ўрнида бошқарув сервис компаниялари тузилди. Албатта, ҳали бу борадаги ишлар тўла- тўкис амалга оширилди, деб айтолмаймиз. Аммо дастлабки ҳаракатлар ўз самарасини бераётгани ҳақиқат.
Вилоятимизда ҳам айни пайтда 43 та бошқарув сервис компанияси томонидан кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига хизмат кўрсатилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 20 та, Каттақўрғон шаҳрида 6 та ва қолганлари бошқа туманларда фаолият олиб боряпти.
Бошқарув сервис компанияларининг самарали ишлаши учун давлатимиз томонидан бир қатор имконият ва имтиёзлар берилиши улар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, сервис хизмати кўрсатиш сифатини оширишга ёрдам бермоқда.
Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги 58 та уй-жой мулкдорлари ширкати бошқарувида бўлган кўп квартирали уйлар “Биотeхсeрвиc” бошқарув сервис компаниясига ўтказилган эди. Ҳозир ушбу ташкилот томонидан шаҳардаги 343 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатилмоқда.
Жорий йилда вилоятдаги бошқарув сервис компаниялари томонидан 189 та кўп квартирали уй-жойни мукаммал ва жорий таъмирлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги 17 та уйнинг 42 та лифт ускунаси янгисига алмаштирилади.
Кўп қаватли уйларга сифатли хизмат кўрсатиш ҳақида гап кетганда ҳозир туманлардаги ўтган асрда қурилган икки ва уч қаватли коммунал уйларда кўп муаммолар юзага келаётганини таъкидлаш лозим. Бу уйларнинг аксариятида ички коммуникация тизимлари муддатини ўтаб бўлган ва уларни янгилаш зарурати юзага келмоқда. Қолаверса, бу уй-жойлар бугун қурилаётган кўп қаватли уйлар олдида анча кўримсиз бўлиб қолмоқда ва, энг асосийси, аҳолининг талабларига тўла жавоб бермайди. Шу боис хонадон эгалари билан маслаҳатлашган ҳолда бу уйларни капитал таъмирлаш ва қулай турмуш шароити яратишга киришилмоқда.
Бир қатор туманларда бу борадаги ишлар бошланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири