Асосий мақсад — тадбирлар самарадорлигини ошириш
Жиззах вилоятида маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар сўнгги йилларда мутлақо янги босқичга кўтарилди. Бу жараёнда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид давлат сиёсатининг изчил амалга оширилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, жамиятда маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга қаратилган қарор ва фармонлари мазкур соҳада тизимли ўзгаришлар учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ана шу эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси сифатида Жиззах вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятда ўтказилган матбуот анжуманида бу борадаги натижалар таҳлил қилинди, келгуси режалар белгилаб олинди.

Аввало марказнинг моддий-техник базаси тубдан янгиланди. Жиззах давлат педагогика университети ҳудудида жойлашган вилоят бўлими замонавий талаблар асосида қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бу эса нафақат ходимлар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам қулай ва самарали фаолият муҳитини яратди.
2025 йил давомида вилоятда маънавий-маърифий йўналишда амалга оширилган ишлар мазмун жиҳатдан бойигани билан эътиборлидир. Турли форматдаги тадбирлар — илмий-амалий анжуманлар, давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар, китобхонлик акциялари ва фестиваллар аҳолининг кенг қатламини қамраб олди. Айниқса, “Маънавият карвони”, “Китоб карвони”, “Маърифат карвони”, “Жаҳолатга қарши маърифат” каби лойиҳалар жамиятда маърифатпарварлик руҳини кучайтиришда муҳим омилга айланди.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, тадбирлар сонидан кўра, уларнинг мазмун-моҳияти ва таъсир доираси устувор аҳамият касб этмоқда. Аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини шакллантириш, маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш борасида сезиларли натижаларга эришилган.
Матбуот анжумани доирасида марказнинг вилоят бўлими бошлиғи Иқболой Умарова билан бўлган мулоқот бу жараёнларни янада чуқурроқ англаш имконини берди.

— Бугунги кунда энг асосий вазифамиз — тадбирлар сонини кўпайтириш эмас, балки уларнинг самарадорлигини оширишдан иборат, — дейди Иқболой Умарова. — Президентимиз томонидан маънавий-маърифий соҳани ривожлантиришга қаратилган қарорлар ижросини таъминлаш доирасида биз ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалланинг эҳтиёжидан келиб чиқиб иш юритмоқдамиз. Айниқса, ёшлар билан ишлашда янги, таъсирчан усулларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Унинг таъкидлашича, китобхонликни тарғиб қилиш, ижодкорлар билан учрашувларни кўпайтириш, маданий-маърифий саёҳатларни ташкил этиш орқали ёшларнинг дунёқараши кенгаймоқда.

— Биз фақат маълумот беришни эмас, балки инсон қалбига таъсир қилиш, уни ўйлашга, изланишга чорлашни истаймиз. Шу нуқтаи назардан, ҳар бир тадбирнинг сценарийси, мазмуни ва услубига алоҳида ёндашяпмиз, — дейди бўлим бошлиғи.
Дарҳақиқат, Жиззахда амалга оширилаётган ишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, маънавий-маърифий соҳада сифат кўрсаткичлари устуворлик касб этмоқда. Тарғибот ишлари оммавий ахборот воситалари ва рақамли платформалар орқали ҳам кенг ёритилмоқда, бу эса таъсирчанликни янада оширмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Жиззах вилоятида маънавият ва маърифат йўналишида олиб борилаётган ишлар давлат сиёсати билан уйғун ҳолда, аниқ мақсад ва манзилли ёндашув асосида ташкил этилмоқда. Бу эса жамиятда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашдек улуғ мақсадларга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири