Асосий мақсад қонунийликни таъминлаш
Бухоро вилояти прокуратураси томонидан “Ҳар бир мурожаат эътиборда” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Соҳа ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда вилоят прокурори ўринбосари Равшан Зайниев ахборот берди.
Таъкидланишича, вилоят прокуратураси томонидан 2021 йилнинг ўтган даврида 8 минг 499 та мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 5 минг 442 таси ҳал қилинган. 901 таси қаноатлантирилган. 67 таси эса рад этилган. 4 минг 474 тасига тушунтириш берилган. 54 таси жиноят ишларига қўшган ҳолда текширилган. Асосийси, 474 нафар шахсларнинг ҳуқуқи тикланган. 2 минг 885 таси бошқа муассасаларга юборилган. 61 таси кўрмасдан қолдирилган.
Мурожаатлар мазмун жиҳатдан таҳлил қилинганда, меҳнатга оид қонунлар юзасидан 477 та, уй-жойга доир қонунлар юзасидан 269 та, ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқлар юзасидан 1071 та, шахсий ҳуқуқлар юзасидан 156 та, сиёсий ҳуқуқлар юзасидан 5 та, тадбиркорлик ҳуқуқларига доир 328 та, мурожаатларни кўриб чиқишдаги қонунбузилиши ҳолатлари хусусида 16 та, хотин-қизлар ҳуқуқлари юзасидан 13 тани ташкил этади.
Терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов масалалари юзасидан келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда ушбу соҳада 4 ой давомида 835 та мурожаат ҳал қилинган.
Мансабдор шахсларнинг қонунга зид ҳуқуқий ҳужжатларига 27 та протест, қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 2 та тақдимномалар киритилган. 13 нафар (3 нафар мансабдор шахс) интизомий ва 2 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.
Вилоят прокуратураси органлари томонидан мурожаатларни ижобий ҳал этилишига асосий эътибор қаратиб келинмоқда. Вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан жорий йилнинг апрель ойида кўплаб ишчи ходимларидан иш ҳақидан қарздорлиги бўлган “Нефтгазқурилиштаъмир” АЖ ҳузуридаги 1 ва 5-сонли Қурилиш монтаж бошқармаси ҳамда “Муборакнефтгазмонтаж АЖ “Трубодетал” унитар корхоналаридан жами 1 миллиард 600 миллион сўмдан ортиқ иш ҳақини ундириш юзасидан ФИБ судларига даъво аризалари киритилган.
Вилоят прокуратураси аралашуви билан 2020 йилда пилла ҳосилидан қарздорлиги бўлган “Bukhara Brilliant Silk Cluster” МЧЖдан агроном ишчи ходимларининг иш ҳақларини ундириш юзасидан Бухоро, Ромитан, Шофиркон, Ғиждувон ва Пешку туманларидаги 50 дан ортиқ агроном ишчи ходимларга 168 миллион 800 минг сўмлик иш ҳақлари ундириб берилиши таъминланган.
Вилоят прокуратураси органлари томонидан хусусий сектор вакиллари мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян тарзда иш олиб борилмоқда. Тадбиркорликни энди йўлга қўймоқчи бўлганларга банк кредити маблағлари ажратилиши баробарида, муаммоси мавжуд тадбиркорлик субъектларига ҳам амалий ёрдам кўрсатилган.
Хусусан, Қоракўл тумани, “Сайёт” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Хўжақуловага 17 миллион 600 минг сўмлик, Ж.Ўриновга 25 миллион 300 минг сўмлик, шу туманнинг “Оқ олтин” маҳалласида яшовчи С.Олтиевга 25 миллион 200 минг сўмлик чорва моллари боқиш фаолияти билан шуғулланиш учун банк кредитлари ажратилган.
[gallery-2652]
Бухоро шаҳар, “Янги ҳаёт” кўчаси 17-уйда яшовчи М.Қаюмовнинг “Agro mega Stroy” МЧЖ иссиқхонасини табиий газдан қарздорлиги сабабли узилгани, газ тармоғи иссиқхона кўчатлари сотувга чиқарилгунига қадар улаб берилишини сўраб йўллаган мурожаати кўриб чиқилиб, табиий газ тармоғига улаб берилиши таъминланган.
Прокуратура томонидан қилинган кўплаб ижобий ишларни давом эттириш мумкин. Асосий мақсад эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, вилоятда қонунийликни таъминлашдан иборат.
Прокуратура халқ ичига кириб борди. Фуқароларимизни қандай муаммо қийнамасин, барчаси қонун талаби доирасида, адолат тамойилларига таянган ҳолда ҳал этилиши шубҳасиз. Бинобарин, ҳуқуқий демократик давлатда қонун устувор.
Анжуманда соҳа ходимлари томонидан журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берилди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА