АСКУЭ ва АСКУГ тизимлари қандай ишлайди? (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 апрелдаги қарорига асосан 2024 йил 1 майдан бошлаб аҳоли истеъмолчилари электр энергияси ва табиий газ учун табақалаштирилган тариф асосида тўлов қилади. Бу жараёнлар эса “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими” (АСКУЭ) ва “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими” (АСКУГ) бўйича амалга оширилади.
Бугунги кунда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан татбиқ этилган АСКУЭ тизими 7,8 миллион истеъмолчини, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан жорий этилган АСКУГ тизими 4,2 миллион истеъмолчини қамраб олган.
Ушбу соҳалардаги барча хизматлар онлайн режимга ўтказилиб, истеъмолчи ҳамда электр ва газ етказиб берувчи ўртасидаги муносабатларда шаффофлик таъминланди. Фуқароларда истеъмол маданияти кун сайин ортиб, ушбу манбалардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли ўртасида энергия тежовчи технологияларни турмушга жорий этиш масалалари кенг оммалашишига эришилди.
Қонунчиликдаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ call-марказининг 1104 рақами орқали истеъмолчиларнинг тежамкор газ ускуналарини ўрнатиш билан боғлиқ савол ва мурожаатларини қабул қилишга мўлжалланган алоқа канали ишга туширилди. Шунингдек, call-марказ операторлари электрон газ ҳисоблагич ва шахсий кабинетдаги газ сарфи кўрсаткичларини ўзаро солиштириш билан боғлиқ саволларга ҳам жавоб беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/r07eAmEQsPo" title="ASKUE va ASKUG tizimlari qanday ishlaydi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>АСКУЭ тизими орқали истеъмолчиларнинг фойдаланган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, электр энергиясини тақсимлашда ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пункти кесимида керакли маълумотларни олиш ва таҳлил қилиб бориш имконияти яратилди. Бундан ташқари, ушбу тизим орқали истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларига ташқаридан аралашувлар, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олди олинади.
Қолаверса, кўп ҳолатларда қарздорлиги мавжуд истеъмолчилар тармоқдан ажратилганда улар томонидан ўзбошимчалик билан қайта уланиб олиш ҳолатлари мавжуд эди. АСКУЭ тизими айнан шундай ноқонуний аралашишларнинг олдини олади. Дейлик, истеъмолчи томонидан шундай ҳолатга йўл қўйилган ва қарздорлик қопланган тақдирда ҳам ҳисоблагичлар автоматик ёқилмайди.
Шу билан бирга, ушбу тизим жойлардаги катта юкламалар билан ишлаётган трансформатор пунктлари ёхуд тармоқларни аниқлаш, юзага келадиган аварияли ҳолатларнинг олдини олиш, у ёрдамида келгусида модернизация ва қурилиш ишларини амалга ошириш, энг асосийси, истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун хизмат қилади.
Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ҳамда назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими марказлари мутахассисларининг АСКУЭ ва АСКУГ фаолияти ҳақидаги интервьюсини қуйидаги видеоҳаволада кўришингиз мумкин.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА