Аскарлар Ватанга қасамёд қилди
Бухоро вилоятидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўташга чақирилган ўғлонларнинг тантанали Ватанга қасамёд қабул қилиш маросимлари бўлиб ўтмоқда.
Миллий гвардия сафида хизмат қилишга чақирилган йигитларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилояти бўлими ҳамда вилоят "Ватанпарвар" ташкилоти масъуллари қатнашди. Аскарларга "Президент совға"си топширилди.

– Биз ҳарбийлар “Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!” деган улуғ каломни тилга олганимизда, вужудимизни қандайдир қудратли куч қамраб олади, – дейди ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, капитан М.Мираҳмедов.
– Бу, албатта, Ватанимизга бўлган садоқатимиз ва муҳаббатимиз туфайлидир. – Бугун жуда кўп йигитлар ана шундай ҳаяжонли онларни бошдан кечиришди. Энг муҳими, улар мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, юртимиздаги замонавий имкониятлардан тўла фойдаланиб, таълим-тарбия олган ўғлонлардир. Ишончимиз комилки, келгуси бир йил – муддатли ҳарбий хизмат даври аскарлар учун чинакам ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди.

– Бу кун ҳаётимда унутилмас лаҳзага айланди, – дейди муддатли ҳарбий хизматчи, оддий аскар А.Тоҳиров. – Чунки ҳарбий қасамёд қабул қилиш катта шараф ва масъулиятдир. Қасамёдимга содиқ бўлиб, Ватанимиз тинчлигини асраш йўлида муносиб хизмат қиламан.
Тадбирда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Зариф Комилов, ЎзА