Аскарлар Хивага саёҳат қилди
Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, хотиржам яшаш, бахтли ҳаёт кечириш каби кўнгил хотиржамлигининг замирида Ватан ҳимоячиларининг ҳиссаси катта.
Ҳарбийлик касбини танлаб, мамлакатимиз сарҳадларини қўриқлашга бел боғлаган мард ва жасур ўғлонларимиз борки, улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳокимлиги ташаббуси билан 9203 - ҳарбий қисмга қарашли «Янгиобод» «Маданият» ва «Ғозовот» чегарани қўриқлаш взводларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар учун қадимий ва кўҳна Хива шаҳрига саёҳат уюштирилди.
– Ёзнинг жазирама иссиғию, қаҳратон қишнинг аччиқ совуғида ҳам улар ўз қасамёдига содиқ туриб хизмат қилади, – дейди Қўшкўпир туман ҳокими матбуот котиби Назокат Машарипова. – Шу боисдан уларга халқимиз ишонади, ёш авлод эса уларга ҳамиша ҳавас кўзи билан боқиб келган. Бугун уларнинг она Ватанга бўлган муҳаббатини янада ошириш, гўзал ва бетакрор мамлакатимизнинг буюк тарихини чуқурроқ ўргатиш, маданий, маънавий завқ бағишлаш мақсадида мазкур саёҳатни ташкил қилдик.
Очиқ осмон остидаги музей шаҳар – «Ичан қалъа» давлат музей қўриқхонасида жойлашган қадимий осори-атиқалар аскарларда чуқур таассурот қолдирди. Шунингдек, ҳарбий сайёҳлар Хива «Дешан қалъа»си атрофидаги Нуриллабой саройи каби қадимий обидаларда бўлиб, муқаддас қадамжоларни ҳам зиёрат қилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА