Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири Лондон математика жамияти аъзоси, Қирғизистон ва Россия фанлар академиялари академиги, Қирғизистон Республикасининг биринчи президенти Аскар Акаевич Акаев билан интервью уюштирди.

– Аскар Акаев – йирик олим, чинакам гуманистик ва демократик қарашларга эга инсон. Халқаро илмий, сиёсий ва жамоатчилик доираларида яхши танилган. Кўпчилик унинг шахсиятини баҳолашда ушбу сифатларнинг барчаси у учун асосий деб ҳисоблайди. Аскар Акаев  2005 йил мартга қадар Қирғизистон президенти бўлганида ўнлаб мамлакатларга ташриф буюрган, БМТ ва бошқа нуфузли ташкилотлар минбарлари, Европа, Осиёнинг кўплаб университетлари, илмий марказларида кўп маротаба чиқишлар қилган. 

-Муҳтарам Аскар Акаевич, суҳбатимиз аввалида соғлигингиз ҳақида сўрамоқчиман, айни пайтда қандай илмий-ижтимоий фаолият билан шуғулланаяпсиз?

– Эътиборингиз учун катта раҳмат. Кекса ёшда бўлишимга қарамай, соғлигим жойида. Уйда рафиқам, фарзандларим ва невараларим, ишхонада раҳбарият, сафдошларим, шогирдларимдан иборат руҳлантирувчи ижодий муҳит туфайли доимо яхши кайфиятдаман. Буларнинг барчаси қизғин илмий ишларга ёрдам беради, шу боис ёшлигимда бўлгани каби ҳар йиллик режам – Россия ва хориждаги нуфузли журналларда чоп этиладиган ўртача ўнта илмий мақола ва китоб ёзишнинг уддасидан чиқаман.   

Мана ҳозир ҳам Германиянинг машҳур «Шпрингер» нашриёти  буюртма қилган китоб устида ишлаяпмиз. Жамоатчилик ишлари билан шуғулланмаяпман, бутун эътиборимни илм-фанга қаратдим. Рақамли технологиялар математик назарияси ва рақамли иқтисодиётга бағишланган  китобни  тугатиб, нашр эттириш истагидаман.

– Ҳаётнинг ўзи юксак лавозимдан воз кечиш тўғрисидаги қарорингизнинг аҳамиятини кўрсатмоқда. Албатта, бунда сиз энг аввало тинчлик, одамлар, Қирғизистон тақдирини ўйлагансиз. Орадан йиллар ўтди, ўз ихтиёрингиз билан президентлик лавозимидан воз  кечганингиздан афсусланмайсизми? Сиздан кейин келган президентлар,  мана учинчиси ҳам худди шу йўлни тутди. Агар сизнинг тарихий ҳаракатингиз бўлмаганида, эҳтимол Қирғизистоннинг тараққиёти бошқача бўлармиди?

– 2005 йил 24 мартда Қирғизистондаги давлат тўнтариши сиёсий авантюристлар томонидан наркомафиянинг жиноий кучларига таяниб, хорижнинг кучли ахборот ва молиявий кўмаги остида амалга оширилган эди. Дастлаб бундай ҳаракатлар 2003 йил Грузияда “атиргул инқилоби”, 2004 йил Украинада “зарғалдоқ инқилоб” номи билан муваффақиятли амалга оширилгандан сўнг собиқ совет иттифоқи ҳудудида навбатдаги рангли инқилоб сифатида режалаштиришган эди. Қирғизистондаги тўнтариш “лола инқилоби” деб ном олди. Бироқ, инқилоб умумхалқ томонидан керакли қўллаб-қувватланмагани боис, унинг ташкилотчилари ўз мақсадларини давлат тўнтариши шаклида амалга оширишни афзал кўришди. Бу давр энг ибратли бўлди, айнан инқилоб мамлакатнинг изчил ривожланишини тўхтатди ва демократик, ҳуқуқий ва ахлоқий асосларга тузатиб бўлмас зарар етказдики, шулар сабаб мамлакат ҳали ҳам тиклана олмаяпти.

“Лола инқилоби” ташкилотчилари шошди ва навбатдаги президентлик сайловларидан ярим йил олдин ҳокимиятни зўрлик билан олишнинг энг  қўпол йўлини тутди, чунки бўлажак сайловларда ҳалол курашда уларнинг ҳеч бири ўтолмасди. Тўнтариш раҳнамоларининг иғвосига учиб 2005 йил 24 март куни Ҳукумат уйига бостириб кирган тажовужкор оломоннинг фаол қисми тўйдириб ароқ ичирилган ва гиёҳванд модда истеъмол қилдирилган манқурт ёшларни ташкил этарди. Наркобаронлар ва уюшган жиноятчи тўдалар етакчилари бунинг учун хасислик қилишмади, аксарият маблағ океан ортидан келарди. Ҳукумат уйида амалга оширилган вандализм сўнгра кўчаларга ўтди, дўконлар талон-торож қилинди, автомобилларга ўт қўйилиб,  пойтахт кичик ва ўрта бизнесига катта талафот етказилди.

 2005 йил мартида мен мамлакат президенти сифатида олий миллий манфаатларга ҳамда фуқаро сифатидаги демократик ва гуманистик эътиқодимга таянган ҳолда иш тутдим. Қурбонлар бўлишининг олдини олиш мақсадида шахсий қўриқчиларим ва ҳарбийларга ҳар қандай ҳолатда одамларга қарата ўқ отмасликни буюрдим. Бироқ давлат тўнтариши ташкилотчилари муқаррар қурбонликлар билан қон тўкиш ниятида эканидан хабарим бор эди, бу уларнинг иғволарини маънан рағбатлантирарди. Мен бу вазиятни ҳисобга олиб, ҳеч қандай ҳокимият инсоннинг бир томчи қонига арзимаслигини билганим ҳолда, мамлакатни вақтинча тарк этишга қарор қилдим. Мен мамлакат ичидаги муаммоларни мураккаблаштирмаслик мақсадида президентлик ваколатларидан ихтиёрий равишда воз кечдим.

Мен мамлакатимнинг тарихий даврида халқим юртга раҳбарлик қилишга ишонч билдирганидан бахтиёрман. Мустақил Қирғизистонни барпо этиш бошида турганимдан, энг мураккаб ўтиш даврида юртни бошқарганимдан ва мамлакатнинг халқаро имижини юқори кўтарганимдан фахрланаман. Ўшанда Қирғизистонни “демократия ороли” деб аташарди.

Халқим олдида виждоним пок. Мен президент сифатида ўз халқим учун бунёдкорлик бўйича қўлимдан келган барча ишни қилдим. Энг оғир пайтда ўз обрўим ва имижимни ўйламай, мамлакатда барқарор ҳаётни таъминлаш учун қарор қабул қилдим. Мен тинч мамлакатни тарк этдим ва халқимга ўз тақдирини конституциявий йўл билан ҳал қилиши имконини бердим. Ва мана ҳозир, орадан 15 йил ўтиб, ўз қароримдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Мен бутун умр президентликда қолиш ниятим ҳам йўқ эди. 2004 йилда навбатдаги президент сайловлари бўлишидан бир йил олдин, бу гал номзодимни қўймаслигимни расмий эълон қилган эдим. Мен фақат бир нарсадан, давлат тўнтариши ташкилотчилари олий ҳокимият  конституциявий равишда қонуний сайланган президентга ўтишига имкон бермаганидан афсусланаман.

– Қирғизистон ўз тараққиётида минтақадаги бошқа мамлакатлардан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожланишига сизнинг муносабатингиз қандай?

– Қирғизистон тараққиётининг биринчи босқичи, мустақиллигининг дастлабки 15 йилида янги мустақил давлат шаклланди ва у халқаро эътирофга сазовор бўлди.  Ушбу даврда муҳим сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий, чуқур демократик ислоҳотлар амалга оширилди. Миллатлараро ва минтақаларо тотувлик, сўнгги йилларда СССР парчаланишидан олдин пайдо бўлган зиддиятлар ва марказдан қочирувчи тенденцияларни  муваффақиятли енгиш ижобий натижаларни берди. “Қирғизистон – умумий уйимиз” миллий ғояси халқнинг ижтимоий бирдамлигини мустаҳкамлашда улкан ижобий роль ўйнади. 

Қирғизистон ташқи сиёсатини йўлга қўйишда минтақадаги қўшни мамлакатлар билан қардошлик алоқаларини ўрнатиш  устувор йўналиш бўлди. Бозорга асосланган иқтисодий ислоҳотлар  муваффақиятли амалга оширилди. Қирғизистонда миллий валютанинг жорий қилиниши собиқ совет маконида амалга оширилган энг муваффақиятли молиявий лойиҳалардан бири бўлган, деб ўйлайман. 90-йилларда сом Марказий Осиёдаги энг мустаҳкам валюта эди. Қирғизистон МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб бозор иқтисодиётига асосланган мамлакат деб эътироф этилди ва 1998 йилда  ЖСТ аъзолигига қабул қилинди, бунинг самарасида биз ташқи савдо ва тўқимачилик саноатини сақлаб қолдик, ўн йил мобайнида қарийб 800 минг нафар кишини иш билан таъминладик.

2001 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг илк  узоқ муддатли стратегияси бўлмиш “2010 йилгача комплекс ривожланиш асослари”ни ишлаб чиқдик ва амалга оширишни бошладик. Бунинг самарасида 2001-2004 йилларда иқтисодиётда ўртача ўсиш суръати йилига 5,6 фоизга тенг бўлди ва 2003 йилда (6,7 фоиз) ва 2004 йилда (7,1 фоиз) юқори кўрсаткичларга эришдик. Инфляция йилига 3-4 фоизгача камайтирилди, бу МДҲ даги энг яхши ютуқ эди. Камбағалликни енгишга эришдик, ташқи қарзлар ёпилди. Қирғизистон кредиторларининг Париж клуби билан олиб  борилган муваффақиятли музокаралар натижасида, 2005 йил 10 мартда биз 1,8 миллиард долларлик умумий қарздан 550 миллион долларини ёпишга муваффақ бўлдик. 600 миллион доллар олтин валюта  захиралари сифатида Халқаро банкда сақланган. Мен мамлакатни 15 йиллик оғир даврдан сўнг атиги 650 миллион доллар қарз билан тарк этганман.  Қирғизистон ўз тараққиётида кучли силжишни амалга оширишга тайёр эди, бироқ 2005 йил 24 мартдаги давлат тўнтариши бу жараённи тўхтатиб қўйди.

Инқилобчиларда олдингилардан кўра кўпроқ нарсага эришиш имкони бор эди. Сўнгги 12 йилда қирғизистонликлар одил бошқарувни ўрнатиш, халқ ҳаётини яхшилашга ваъда берган президентларни кўришди. Бироқ  яхши томонга ўзгариш бўлмади. Ва бу қонунийдир, чунки 2005 йил  мартда  давлат тўнтариши ташкилотчилари халқни эмас, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида ҳокимиятга қўлга олишни ўйлашган эди. Айнан шу боис, иш  давлат  жиноятчилиги, ватандошларга қарата ўқ узиш ва кўплаб қурбонларнинг бўлиши, жанубдаги низолар, шунингдек, парламент ҳокимият тизимининг волюнтарист жорий этилиши билан  якунланди.

 Сўнгги йигирма йилда собиқ совет ҳудудида юз берган геосиёсий  ўйинлардан олишимиз керак бўлган асосий сабоқ  – давлатнинг ҳеч бир  муаммосини инқилобий йўл, кўча демократияси ва давлат тўнтаришлари билан ҳал қилиб, халқ фаровонлигини яхшилаб бўлмайди. 2005 йилда  Қирғизистонда амалга оширилган давлат тўнтариши оқибатлари айнан ана шуни  кўрсатди. Инқилоб ва тўнтаришлар сиёсий авантюристлар томонидан ушалмайдиган популистик шиорларга таяниб ва одатда жиноий кучлар ёрдамида амалга оширилади. Охир-оқибатда улар халққа кўп муаммо ва кулфатлар олиб келади. Собиқ совет ҳудудида Грузия ва Украинадаги “рангли инқилоблар” ҳам бу давлатлар халқларини узоқ инқирозли синовларга маҳкум этди ва улар иқтисодий ривожланиш бўйича кўп йиллар орқада  қолди.

Қирғизистондаги инқилобий ҳокимият бошқарувининг натижалари жуда ёмон.  Мамлакатда демократия энди йўқ. Давлат бошқаруви оғир аҳволда. Иқтисодиёт тўхтаб қолди. Аҳоли даромадлари кескин камайди. Инқилобий ҳокимият ўн йилда мамлакат иқтисодиётини 10-15 йил орқага  суриб ташлади. Миллий давлатчиликка жиддий зарар етди, халқнинг давлат  ҳокимияти органларига бўлган ишончига дарз кетди. Қирғизистоннинг “демократия оролчаси” имижи салбий “криминалитет оролчаси”га ўзгарди.   Мамлакат қайтадан барқарор ривожланиш ва юксалиш йўлига чиқиши учун ҳали узоқ ва машаққатли йўл бор. Қирғизистон халқидан бошқа ҳеч ким  мамлакатни бу инқироздан қутқара олмайди. Давлат қурилиши ва  иқтисодиётни тиклаш билан шуғулланиш зарур. Бугун мамлакат ҳар қачонгидан кўра кўпроқ бунёдкорларга муҳтож. Қирғизистон халқи бўлғуси сайловларда популистни эмас, айнан бунёдкорни президент этиб сайлайди, деб умид қиламиз. 

Россия ва Марказий Осиёнинг етакчи давлатлари – Қозоғистон ва Ўзбекистон барча соҳаларда барқарор ривожланиш суръатларини кўрсатаётгани мени қувонтиради. Бу минтақадаги мамлакатлар, жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси сифатида қадрдон Қирғизистонимнинг  келгуси барқарор тараққиёти кафолатидир. Ўз вақтида мен “ Барқарорлик ва эволюция, инқилобдан яхшироқ” деган шиоримни кўп такрорлардим. 

Қирғизистонга келсак, минг афсуски у ҳали ҳам беқарорлик ҳудудида. 2005 йил 24 мартдаги воқеалар мамлакат ижтимоий-сиёсий муҳитига олиб келган зўравонлик ва қонунсизлик вируси келажакка ўз таъсирини қолдирди.  Давлат тўнтаришининг асосий қисмини ташкил этган жиноятчилик ўзидан кейин кўплаб фалокатларни олиб келди: жиноятчилик олами вакилларининг халқ сиёсатига тажовузкорона аралашуви, жиноятчиликнинг давлат ҳокимияти билан бирлашиши шулар жумласидандир. Буларнинг бари сўнгги йилларда мамлакатдаги сиёсий аҳвол кескин ёмонлашувига сабаб бўлди. Айрим  сиёсий етакчиларда жиноятчиликни  қўллаб-қувватлашга таяниб, ҳар қандай давлат қурилиши масалаларни кўча услубларида ҳал этишга бўлган  ишонч пайдо бўла бошлади. Шу боис, қўшни мамлакатлар бирин-кетин  сиёсий тизимни такомиллаштириб, ўз иқтисодиёти ва халқи фаровонлигини юксалтирган ҳолда бунёдкорлик ҳаракатларини амалга ошираётган бир пайтда Қирғизистон беқарорлик шароитида қолмоқда. Қирғизистоннинг Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан фарқи шундан иборат.

– Баъзан демократияни бошқариб бўлмай қолади, мана масалан, АҚШ, Франция ва бошқа мамлакатларда нималар юз бермоқда.  Қирғизистон ўз вақтида “демократия оролчаси” деб ном олган. У қандай натижаларга эришди, халқ тўқ, тинч, миннатдор бўлиши, ҳукумат эса мамлакатни барқарор ва самарали бошқариши учун нималар қилиш  керак?

– Демократия ҳақида гап кетганда, кўпинча Англия бош вазири Уинстон Черчиллнинг Иккинчи жаҳон уруши пайтида айтган гаплари эсга олинади: У “Демократия – энг мукаммал  бошқарув тизими эмас, бироқ яхшисини ҳали ўйлаб топишмаган” деган эди. Чамаси, бу гап бугунга ҳам тўғри келади. Бир нарса шубҳасизки, демократик бошқарув авторитар бошқарувга қараганда, инсон капиталини жамият фаровонлиги йўлида тўла  ишлатиш имконини беради. Давлат раҳбари сифатида мен бошиданоқ ҳаётнинг барча жабҳаларида демократик тамойилларни қарор топтириш, демократияни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича қатъий иш олиб борганман.

Қирғизистон мамлакатда олиб борилган демократик ислоҳотлар натижасида юксак халқаро имижга эга  республикага айланган эди.  Мамлакат ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиб борди. Миллатлараро муносабатлар самарали йўлга қўйилган эди. Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳадаги совет давридан қолган ютуқлар йўқотилмади. Халқаро ҳамжамият Қирғизистоннинг тўғри йўлдан кетаётганини эътироф  этди.

 Мен президентлигим якунини ҳеч қачон мутлақо ижобий деб айтмаганман. Ҳа, бу жамият янги босқичга ўтишининг мураккаб даври эди.  Буларнинг барига улкан меҳнат билан эришилган, ўшанда маблағ ва ресурслар бўлмаган, бир кечадаёқ мамлакатлар ўртасидаги анъанавий хўжалик-иқтисодий алоқалар узилганди.

 Маҳсулотлари умумиттифоқ  кооперацияси асосида ишлаб чиқарилган саноатнинг катта қисми ишлашдан тўхтади, СССР парчалангач, унга талаб бўлмагани маълум бўлди. Бу мамлакат бюджети даромадининг қарийб ярми, юз минглаб малакали иш ўринларининг йўқолишини англатарди. Натижада,  фуқароларнинг реал  даромадлари камайди, мамлакатнинг ярми қашшоқлик арафасида қолди. Бироқ 2005 йилда мамлакат 1991 йилда мустақилликка  эришдан даврдагидан кўра анча яхши аҳволда эди.

 Барча соҳалар – иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, демократик  тараққиётда силжиш кузатилган эди. Дунёда мамлакатнинг ижобий имижи бор эди. Кўриб турганингиздек, Қирғизистоннинг кейинги ва ҳозирги муаммолари  мустақилликнинг 15 йилидаги  демократик тараққиёт билан  эмас, ривожланишнинг зўрлик йўли билан узиб қўйишгани сабаблидир. Давлат  тўнтариши чинакам демократик адолат учун бегона. Зўравонлик  вируси билан зарарланган давлат ва сиёсат шошилинч даволанишга муҳтож.  Бу борада энг самарали восита – чинакам демократик қадриятларга  қайтишдир. Демократияга олиб борадиган йўл қийин, аммо бошқа йўл йўқ. 2005 йилда Қирғизистонда ҳокимиятни демократик тамойиллар орқали ўтказиш имконияти қўлдан бой берилди, шу боис, мамлакатда демократия  заифлашди. 

 – Сизнинг  “Янги Ўзбекистон”,  ўзбек Ренессанси, Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатга муносабатингиз қандай?

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юритилаётган сиёсатга нисбатан жуда ижобий муносабатдаман. Агар унинг сиёсати доимий равишда реал ишларда рўёбга чиқадиган бўлса, ўн йилдан сўнг биз ривожланган рақамли иқтисодиёт ва ижтимоий фаровон бўлган, бирдам  аҳолисига эга, чинакам демократик мамлакат – “Янги Ўзбекистон”ни  кўрамиз. Бу  ҳозирги ўзбек Ренессансининг самараси бўлади.

Менинг тасаввурларим нималарга асосланади? Аввало, стратегик  қарашга ва Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича 15 йиллик тажрибага эга ислоҳотчи Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсиятидир. У ислоҳотчи сифатида менга собиқ совет ҳукумати раҳбарларидан А.Н.Косигинни эслатади. Агар 1960-1970 йилларда А.Н.Косигиннинг ислоҳотлари тўла амалга  оширилганида, совет иттифоқи 1980 йилларда кучли ривожланган  иқтисодиётга эришарди, мамлакат сақлаб қолинган бўларди. Шавкат Мирзиёев ҳам жадал ислоҳотларини ҳаётга татбиқ этиши учун барча имкониятлар бор. Унинг  Олий Мажлисга йўллаган мазмунли  Мурожаатини ўқиб, ислоҳотларнинг қуйидаги бешта йўналишини  қайд этишни истардим:

1) “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари ҳалққа хизмат қилиши керак” ажойиб шиорига қаратилган ҳаракат. Бу ўзбек халқининг амалга оширилмаган улкан бунёдкорлик салоҳиятидан фойдаланиш имконини беради.

2) Очиқ иқтисодиётни шакллантириш. Бу чет эл  инвестицияларининг  кескин ўсиши кўринишида ўз самараларини берди. Сўнгги йилларда  иқтисодий ўсиш суръатлари бўйича Ўзбекистон МДҲдаги барча мамлакатлардан ўзиб кетди. Шунинг ўзи мамлакатингиз иқтисодиётидаги очиқлик ва либерал ислоҳотлар натижасидир. Келгусида у Ўзбекистон иқтисодиёти ва экспорт салоҳиятининг рақобатбардошлигини оширишга,  энг муҳими, ўзбек халқи фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

 3) Тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш,  янги иш ўринларини яратишни рағбатлантириш орқали қашшоқликка қарши курашиш. Бу чора-тадбирлар аҳоли фаровонлиги ва ижтимоий бирдамлигини оширишда муҳим омиллардан биридир.

 4) Илғор илмий билим ва малакали кадрларга асосланиб илмий-технологик ривожланишни жадаллаштириш. Ўзбекистонда 2020 йил Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилиниши  ушбу ҳаракатнинг  тўғри қўйилган дастлабки қадамидир. Бу ҳаракат давом эттирилса, у стратегик  мақсадга эришиш – ривожланган мамлакатлар қаторига киришга олиб боради.

5) Янгича дунёқарашга эга мутахассисларни тайёрлаш билан бирга “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Замонавий рақамли инфратузилмага эга IT-паркларнинг миллий тармоғи яратилса, дастурда кўзда тутилганидек, миллионлаб малакали дастурчилар  тайёрланади, 2030  йилга бориб, Ўзбекистон Хитой томонидан тикланаётган Янги  ипак йўлидаги “рақамли воҳа”га айланиши шубҳасиз.

Албатта, Шавкат Мирзиёевнинг қўшни мамлакатлар билан муносабатларни тубдан яхшилашга қаратилган янги ташқи сиёсий ташаббуслари юқоридаги ислоҳотларни муваффақиятли амалга  оширишга хизмат қилади. Бу ерда мен ниҳоятда “XXI асрда минтақани ривожлантириш учун дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги  муҳим давлатлараро  ҳужжатни тайёрлашга қаратилган ташаббусни  назарда тутяпман. Одамлар, умуман, минтақа фаровонлиги ҳақида қайғурадиган чинакам раҳбарлар мана шундай бўлади, зеро буларнинг бари  ўзаро боғлиқдир. Ўзбекистон ҳам сув-энергетика ресурслари ва транспорт коммуникацияларидан оқилона фойдаланиш сингари умумий минтақавий  муаммоларни ўзаро манфаатли ҳал этиш мақсадида Марказий Осиёни  бирлаштириш йўлида кўп ишларни амалга ошираётгани қувонарли ҳол. 

– Сиз ҳам таниқли давлат арбоби, ҳам йирик олимсиз. Марказий Осиёдаги илм-фан, техника, технологияларни ривожлантириш  ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз. Бу борадаги ютуқлар ва камчиликлар нимадан иборат?

– Илм-фан, техника ва технологиялар ҳамма даврларда инсоният тараққиётида муҳим роль ўйнаган. Совет даврида, айниқса, урушдан  кейинги ўн йилликларда биз Марказий Осиёда илм-фан ва таълимнинг ҳақиқий  ренессанси гувоҳи бўлганмиз. 

Халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви тизими учун юксак малакали  мутахассислар тайёрланадиган жуда кўплаб биринчи даражали университетлар очилди. Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари сингари Ўзбекистонда ҳам Фанлар академияси тузилди ва у жуда сермаҳсул фаолият юритди. Менга яқин бўлган фан олимлари ичида математиклар Т.Саримсоқов ва С.Сирожиддиновлар, физик П.Ҳабибуллаев, кибернетик В.Қобулов каби таниқли олимларнинг номларини келтиришим мумкин. Уларнинг ишлари бутун иттифоқ даражасида машҳур эди. Айни дамда,  академик В.Қобулов бошчилик қилган Кибернетика институти СССРда ўз соҳаси бўйича етакчи илмий марказлардан бири бўлган. 

Бундан ташқари,  Ўзбекистон табиий ва аниқ фанларда илмий тадқиқотлар ўтказиш бўйича кўп асрлик анъаналарга эга эди. Мен Шарқнинг улуғ астрономи ва математиги,  Мовароуннаҳрнинг буюк ҳукмдори Мирзо Улуғбек томонидан XV аср бошларида Самарқандда барпо этилган машҳур расадхона ва мадрасани назарда тутяпман. Улуғбекнинг илмий қарашлари шу даражада кенг бўлганки,  Европа олимлари ҳам одиллик билан уни Уйғониш даврининг  қомусий олимлари қаторига қўйишган. Улуғбек расадхонаси ўз даврида энг йирик расадхона бўлган ва жуда яхши жиҳозланган. Аксарият астрономик   ускуналар Самарқандда тайёрланган. Расадхонада Қозизода Румий ва Маъсуд Кошоний каби машҳур астрономлар фаолият юритганлар. Расадхона қурилишига Улуғбекнинг севимли шогирди Али Қушчи бошчилик қилган. Улуғбек томонидан тузилган юлдузлар жадвали кейинги 300 йилда дунёдаги  энг аниқ жадвал ҳисобланади. Бу нафақат аниқ ўлчовлар, балки теран ҳисоб-китоблар натижаси ҳамдир, чунки Мирзо Улуғбек мураккаб математик ҳисоб-китоблар билимдони бўлган. Исаак Ньютон ўзининг машҳур тортишиш кучи назариясини текширишда ундан фойдаланган ва Улуғбек жадваллари ҳақида катта мақтов гапларни гапирган. 

Улуғбек мадрасасидаги таълим жараёни ҳақида алоҳида гапириш жоиз.  У Уйғониш давридаги энг яхши университетлардан бири бўлган. У ерда Шарқ математиги, Улуғбекнинг севимли устози Қозизода Румий ва машҳур  қомусий олим, Улуғбекнинг сафдоши ва шогирди, унинг асосий ишларини  келгуси авлодлар учун сақлаб қолган ва алломанинг исмини абадийлаштирган Жамшид Коший маърузалар ўқиган.

 Ва энг ажабланарли  нарса – мадрасада турли илмий мавзуларда  ҳақиқий мунозаралар бўлиб турган, уларда бошқалар билан бирга ҳукмдор  Улуғбек ҳам иштирок этган. “Ҳақиқат баҳсларда туғилади” деган нақл айнан ўша пайтида пайдо бўлган. Шунинг учун ҳам Шарқнинг кўплаб олимлари Улуғбек мадрасасидан етишиб чиққан.

   Демак, университетларда юқори малакали кадрларни тайёрлашда  илмий тадқиқотларни жадал ривожлантириш ҳақида қайғуриш зарур. Шу боис, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилни Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилганини ва белгиланган устувор вазифаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш керак.  Илм-фанни илғор ривожлантириш таълим тизимини муваффақиятли ислоҳ қилишга эришиш ва мутахассислар малакасини ошириш, шундан сўнг  рақамли технологияларни ўзлаштириш ва жорий этиш имконини беради.

Сўнгги  пайтларда Ўзбекистон ҳақида кўп яхши гаплар эшитяпман,  кўп ўқияпман, мен илгари ҳам ўзбек халқи, Ўзбекистонга тасаннолар айтганман. Буларнинг барини ўз кўзим билан кўргим, раҳбарлар ва халқнинг бунёдкорлик  руҳини ҳис этгим келади. Ана шунда мен юртингизда юз бераётган ўзгаришларни янада теранроқ англаган ва уларга тегишли жавоб берган бўлардим. Яширмайман, Тошкент, Самарқанд, Бухорога боргим келади ва яқин орада бу нарса содир бўлади, деб ишонаман.

– Аскар Акаевич, сиз кўп қиррали фаолиятингизни ҳисобга олиб, ўзингизни кўпроқ қайси соҳа вакили деб ҳисоблайсиз: Россия Фанлар академиясининг хорижий аъзосими, Қирғизистон Миллий фанлар академияси  академигими, Лондон математика жамияти аъзосими ёки техника фанлари доктори, М.Ломоносов номидаги МДУ профессорими?

– Аввало, мен илгариги Ленинград, ҳозирги Санкт-Петербургда шаклланган олимман. Мен у ерда 1962 йилдан 1980 йилгача талабаликдан профессорликкача бўлган йўлни ўтганман. Шу шаҳарда оила қурдим, тўнғич фарзандларим – Бермет ва Айдар шу ерда туғилган. Менинг ажойиб  устозларим, жумладан, машҳур математик профессор В.Тартаковский бўлган. Совет даврининг ҳисоблаш техникаси бўйича илғорларидан бири, ССР давлат мукофоти совриндори профессор С.Майоров, лазер-оптик  голография ихтирочиси академик Ю.Денисюк ҳам шулар жумласидан. Кейинроқ Нобель мукофоти совриндорлари – лазер ихтирочилари, академиклар Л. Прохоров ва  Н.Басов менга устозлик қилишган. Шу боис,  бутун илмий фаолиятим Россия билан боғлиқ. 

Сиёсий соҳада фаолият юритишимга ҳам россияликлар сабабчи, улар қайта қуриш йилларида мени партия ишига номзод қилиб кўрсатишган. Шу боис, сиёсий карьерамни тугатганимда мени ўша заҳоти Москванинг иккита етакчи илмий муассасасига ишга таклиф қилишган. Жумладан, М.Ломоносов номидаги МДУ ректори академик В.Садовничий Мураккаб тизимлар математик  тадқиқотлар институтига таклиф қилди, Россия Фанлар академияси Физика институти директори академик Г. Месяц эса ахборотни қайта ишлаш лазер-оптика тизимлари лабораториясига чақирди. Мен 1970-йилларда, докторлик диссертацияси устида иш олиб борган пайтимда ушбу лаборатория билан ҳамкорлик  қилганман.  Физика – кўпроқ ёш  олимлар соҳаси бўлгани учун мен Г.Месяцга ўз миннатдорлигимни билдирдим ва В.Садовничийнинг таклифини қабул қилдим.

2005 йилдан буён МДУ Мураккаб тизимлар математик тадқиқотлар  институтида математик ва компьютер моделлаштириш йўналиши раҳбари сифатида фаолият юритиб келаяпман. Мен ҳақиқий  прфессионал фаолиятим – илмий ишга қайтганимдан жуда мамнунман. Жаҳон динамикасининг  мураккаб масалалари – глобал демография ва иқтисодий ривожланишдан   иқлим ўзгаришигача бўлган муаммоларига математик усулларни қўллаш билан шуғулланиб, сафдошларим ва шогирдларим билан Россия ва хориждаги энг нуфузли журнал ва нашриётларида юзлаб мақола  ва ўнлаб китоблар чоп эттирдим. Ҳозирги кунда энг машҳур математик раҳбарлик қилаётган Россиянинг энг яхши математиклари жамоасида меҳнат қилаётганимдан хурсандман. В.Садовничий билан МДУдаги катта илмий семинарда илмий маърузалар билан мунтазам чиқиш қиламиз.

Ўз вақтида мени дунёнинг кўплаб университетлари фахрий доктори, қатор халқаро ва миллий акадамияларнинг хорижий аъзоси қилиб сайлашган. Табиийки, мен учун Россия Фанлар академиясининг аъзолиги муҳим аҳамиятга эга, чунки менинг илмий фаолиятим, айтиб ўтганимдек Россия фани ва Лондон математика жамияти  билан боғлиқ. Ўз вақтида, буюк физик ва математик Исаак Ньютон ушбу жамият аъзоси бўлган.

– Ҳурматли Аскар Акаевич, қизингиз Бермет Акаева билан Қирғизистоннинг келажаги ҳақида китоб ёздингиз. Ватандан узоқда бўлиб, у ҳақда ёзиш қийин албатта. Сизнингча, Қирғизистоннинг келажаги қандай? Ҳақиқий демократик, бағрикенг ва ривожланган давлатни барпо этиш учун нима қилиш керак?

 – Инсоният турмушнинг барча соҳаларида улкан ўзгаришларга сабаб бўлаётган ахборот-рақамлаштириш даврига қадам қўймоқда. Билим ва ахборот бутун дунёда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бош ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Интеллектуал рақамли технологиялар ва платформалар жаҳон иқтисодиёти ривожланишининг янги тўлқинига старт берди, ушбу давр 2018 йилда бошланди ва 2040-йиллар бошигача давом этади. Янги рақамли тўлқин дунёнинг иқтисодий ва геосиёсий ландшафтини мутлақо ўзгартириб юборади. Жаҳон 2008-2009 йилларда тизимли даврий молиявий-иқтисодий инқирозни бошидан ўтказди. 2018 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мамлакатларида жонланиш ва синхрон ўсиш бошланди, афсуски коронавирус пандемияси бу жараённи бир муддатга тўхтатиб қўйди. Инсоният глобал урушлар ва табиий фалокатлардан сақлана олса, келгуси  20-25 йил бутун дунёга иқтисодий равнақ олиб келиши мумкин.

 Ривожланишнинг энг муҳим шарти энг аввало мамлакат келажагининг конценциясини (нуқати назарни), унга эришиш стратегиясини ишлаб чиқиш, ҳамда ушбу ҳужжатлар атрофида консенсусга эришиш механизмларини яратишдан иборат. Иккинчидан, билимларни иқтисодий ва ижтимоий неъматларга айлантириш инновацияларни жорий қилишнинг самарали тизимини, юқори малакали муҳандис ва илмий кадрларни тақозо этади. Демак, навбатдаги зарур шарт таълим ва инновацион сиёсатнинг устуворлиги ҳисобланади. Минтақавий ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва бозорларига оқилона жойлашиш ва натижада юқори қўшимча қийматли товарларни ишлаб чиқаришга аста-секин ўтиш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Агар ҳар қандай давлатда, айниқса, ривожланаётган мамлакатда бир пайтда ушбу шартларни яратишга эришилса ҳамда келгусида ҳам улар фаол қўллаб-қувватланса, бундай давлатлар гуллаб-яшнайди.

Шуни таъкидлаш керакки, Хитой томонидан XXI асрда Буюк ипак йўлининг тикланиши интеграцияга кўмаклашади. ХХР Раиси Си Цзиньпин томонидан 2013 йилда илгари сурилган ва 2015 йилда ишга туширилган тикланиш ташаббуси, муваффақият қозонса, Евроосиёнинг улкан ҳудудида иқтисодий ва геосиёсий ландшафтни ўзгартиришга қодир улкан аҳамиятга эга воқеа бўлиши ва Евроосиё минтақасида фаровонлик ва гуллаб-яшнаш даврини бошлаб бериши мумкин.

Лойиҳанинг асосий ғояси рақамли технологиялар ва платформалардан кенг фойдаланган ҳолда янги юқори тезликка эга савдо-транспорт инфратузилмасини яратишдан иборат. Янги савдо йўли “рақамли ипак йўли” бўлади. Иккинчи томондан, янги хитойча мегалойиҳа – адолатли халқаро савдо учун янги моделни излаш демак.

 Кўриниб турибдики, яқин келажак Марказий Осиё мамлакатлари учун узоқ истиқболни белгилаб олиш, ўн ёки ўн беш йиллик даврга жадал инновацион ривожланиш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш учун мақбул давр ҳисобланади. Тарихий тажриба шундан далолат берадики, бирон-бир мамлакат юқорида кўрсатилган вазифаларни ўз вақтида ҳал қилар экан, оқим қайиқни ҳаракатлантиргандек, узоқ тўлқин иқтисодий ривожланишга етаклайди. Айнан шу сабабли мен ва қизим Бермет “Қирғизистон Буюк ипак йўлида рақамли иқтисодиёт даврида” номли китоб ёздик. Биз ўз юртимиз жамоатчилик фикрини уйғотишни ва унинг эътиборини ривожланишнинг кечиктириб бўлмайдиган муаммоларига қаратишни ва шу орқали мамлакатимиз ривожланишнинг жаҳон тенденцияларидан ортда қолмаслигини таъминлашга ҳисса қўшмоқчи бўлдик.

Шуниси қувонарликиЎзбекистонда санаб ўтилган стратегик вазифалар ўз вақтида ҳал қилинмоқда: “Рақамли Ўзбекистон – 2030 дастури ишлаб чиқилган, илмий-техник тараққиёт жадаллашиб бормоқда, янги даврнинг юқори малакали мутахассисларини тайёрлаш учун бутун таълим тизимини ислоҳ қилиш режалаштирилган. Ушбу ҳал қилувчи ислоҳотларни амалга оширишда муваффақият тилайман.

– Мамлакатни стратегик ривожлантириш тўғрисидаги китобингизда 2020-йиллар авлодига мансуб етакчиларга янада порлоқ келажакни барпо этиш шарафи юкланганини таъкидлайсиз. Дунё, МДҲ мамлакатлари, сизнинг Ватанингиз учун ана шу порлоқ келажак нимада намоён бўлади? 

– Иккинчи жаҳон уруши учта буюк давлат – СССР, АҚШ ва Буюк Британия ҳамкорлигининг шаклланишига олиб келди ва бу уларга инсоният ўз бошидан кечирган энг даҳшатли урушда Буюк ғалабага эришиш имконини берди. Урушдан кейинги ўн йилликларда 1945 йилда Ялтадаги конференцияда учта давлат эришган келишув негизида барқарор геосиёсий ривожланишни таъминлашга ва локал урушларнинг (Корея, Вьетнам, Кариб ҳавзаси инқирози, Афғонистон) янги жаҳон урушини айланиб кетишидан, цивилизациялар тўқнашувидан сақланишга эришилди.

          Ялта  конференцияси диққат марказида бутун дунёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун БМТни, фан, таълим ва маданиятни ривожлантириш учун ЮНЕСКОни, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Савдо ва тарифлар бўйича бош келишув каби тузилмаларни ташкил қилиб, бу орқали ривожланаётган мамлакатларга иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш, камбағаллик ва қашшоқликка барҳам бериш масалалари турган эди.

 Шу тарзда, айнан Ялта урушдан кейинги дунёни ташкил қилиш ва БМТнинг яратилиши белгиланган жойига айланди. Бу қарийиб ярим асрга нисбатан барқарор тинчликни – “Ялта тинчлигини” таъминлади. Шу сабабли бу йил бутун дунё тантанали равишда БМТ ва ЮНЕСКОнинг 75 йиллигини нишонлади.

Ялта тинчлиги ярим асрдан кўпроқ давом этган илғор глобаллашув тўлқинига асос яратди. У нисбатан адолатли халқаро савдонинг жадал ривожланишига, ривожланаётган мамлакатларнинг “етиб олувчи” тараққиётига кўмаклашди ва бу жаҳонда қашшоқликнинг жиддий тарзда қисқаришига сабаб бўлди. Урушдан кейинги ўн йилликлар айни пайтда фан, технологиялар ва санъатнинг жадал ривожланиши йиллари, бир сўз билан айтганда Уйғониш даври бўлди. Аммо афсуски, Америкага қарши турган совет иттифоқи ва жаҳон социализм тизими парчаланиб кетгач, АҚШнинг ҳукмрон доираларида бир қутбли дунё қарор топгани ва янги дунё тартибини белгилаш бўйича фавқулодда ҳуқуққа эга экани ҳақида иллюзия пайдо бўлди. Шу пайтдан “Ялта тинчлиги” таназзулга юз тутди ва бу дунёда ҳозирги ташвишли беқарорликка олиб келди. Инсоният XXI асрнинг бошида глобал маданий инқирозга юз тутди, ҳарбий тўқнашувлар ва халқаро террорчилик тўлқини кучайиб бормоқда, оммавий қирғин қуролидан фойдаланган ҳолда цивилизациялар тўқнашуви хавфи кучайиб бормоқда.

Умуман, дунё ва хусусан Марказий Осиё учун мақбул келажак – бу шартли равишда “Ялта тинчлиги-2”дир. Дунё тартиботининг янги модели XXI аср таҳдидларига жавобан цивилизациялар мулоқотига ва давлатлар  ҳамкорлигига йўналтирилиши керак. “Ялта тинчлиги-2”ни шакллантириш учун глобал хавфсизлик ва дунёнинг барқарор ривожланиши учун бош масъулият уларнинг зиммасига юкланган буюк давлатлар – БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари конференцияси институтини тиклаш керак. 

Умид қиламизки, жаҳоннинг сиёсий етакчилари инсоният келажаги учун масъулиятни намойиш этади ва яқин йилларда ана шундай ҳал қилувчи конференцияга тўпланади. Миллий давлатларга келсак, уларнинг етакчилари олдидаги бош вазифа – бу ижтимоий адолатни қарор топтириш, бой ва камбағаллар ўртасидаги кўпинча жамиятда низоларга сабаб бўладиган жарликни йўқотишдан иборат. Айни пайтда уларнинг асосий вазифаси фанни улуғлаш, таълимнинг фундаменталлиги, креативлиги ва узлуксизлигини кучайтириш бўлиши керак. Фақат шу йўл билан XXI асрда дунё учун янада порлоқ келажакни яратиш мумкин.

– Сиз Марказий Осиёдан чиққан таниқли олимсиз. Халқларимизнинг турмуши, муаммолари билан яхши танишсиз, шунингдек, ўзбек олими, Россия Фанлар академиясининг Бозор муаммолари институтининг илмий ходими Наби Зиёдуллаев билан ҳамкорликда илмий иш олиб бораётганингиздан хабар топдим. Ушбу ҳамкорлик қандай натижа бермоқда ва уни давом эттириш ниятингиз борми?

– Ўзбек олимларидан дўстлар борасида омадим чопган. Дастлабки илмий ишимда, ахборотга ишлов беришнинг оптик усуллари билан шуғулланганимда радиоптика соҳасидаги йирик мутахассис, таниқли совет академик олими, тошкентлик А.Микаэляннинг шогирди Тоҳиржон Азаматов билан дўслашганман ва у билан Санкт-Петербургда ишлаган кезларимда яқиндан ҳамкорлик қилганмиз.

 Қирғизистонга қайтиб келиб, у ерда ҳисоблаш техникаси бўйича  кафедра ҳамда ахборотни сақлаш ва унга ишлов беришнинг лазер-голографик усуллари бўйича илмий лабораторияга  асос солгач, биз мунтазам равишда Умумиттифоқ ва халқаро илмий  анжуманларни ўтказа бошладик ва уларда Т.Азаматов ўз шогирдлари билан фаол иштирок этган. 1980-йилларда мен Т.Азаматов билан Самарқандда бўлганман ва буюк Улуғбек расадхонасини кўрганман. Бу воқеа менда унутилмас таассурот қолдирган. 

Иккинчи илмий ҳаётимда Москвада машҳур россиялик ва ўзбекистонлик иқтисодчи профессор Наби Зиёдуллаев билан танишдим. Дўстим Наби – энг аввало, ажойиб инсон, у ўзида ҳақиқий зиёлининг энг гўзал хислатларини мужассамлаштирган. Унинг илм оламидаги карьераси жадал суръатлар билан ўсган, ёш олимлигида собиқ иттифоқ давридаги нуфузли мукофот – иқтисодий кибернетика соҳасидаги муҳим ишлари учун Ленин комсомоли мукофотига сазовор бўлган. У Марказий Осиёда фаннинг ушбу соҳасида биринчи олим ҳисобланади, бунга ажабланмаса ҳам бўлади, чунки у машҳур Кибернетика институтида академик В.Қобулов раҳбарлиги остида меҳнат қилган. 

Рақамли иқтисодиётга ўтаётган даврда кибернетикага яна талаб кучайди. Бундан кўп йил аввал, Россия иқтисодиётида инфляция суръати баланд ва беқарор бўлган пайтда биз дўстим Наби билан бундай иқтисодиёт динамикасини прогноз қилиш бўйича математик моделни ишлаб чиқдик ва у муваффақиятли амал қилди. Энди ушбу моделни келгуси рақамли иқтисодиётга мослаштирмоқчимиз. Мен дўстим Наби билан бирга илмий иш олиб боришдан ҳам, фан ривожланиши ҳақидаги суҳбатларимиздан ҳам катта қониқиш ҳис қиламан. Кейинги йилларда у Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги ижобий ўзгаришларнинг фаол тарғиботчисига айланди. 

– Ҳурматли Асқар Акаевич, батафсил ва қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат! Сизга мустаҳкам соғлиқ, илмий фаолиятингизда муваффақият, оилангизга фаровонлик тилайман. 

                                       Ирисмат Абдухолиқов 

суҳбатлашди, ЎзА

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аскар Акаев: “Янги Ўзбекистон ҳаммани ҳайратлантирмоқда”