Қашқадарёда халқаро баҳолаш дастурларига бағишланган семинар ўтказилди
Бугунги кунга қадар PISA ва PIRLS доирасида тажриба-синов ўтказиш учун 200 дан ортиқ топшириқлар гуруҳи таржима қилиниб, халқаро лингвистика марказлари тасдиғидан ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида, давлат ва жамият аҳамиятига молик долзарб масалалар қаторида таълим сифатини оширишга, 2021 йилдаги халқаро баҳолаш жараёнларига муносиб тайёргарлик кўриш масаласини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Жорий йилнинг 13 февраль куни Қашқадарё вилоятида “ Халқаро баҳолаш дастурлари — таълим сифатини оширишнинг муҳим омили” мавзусидаги семинар ўтказилди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ҳамда Қашқадарё вилояти халқ таълим бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда мактаб директорлари, тренер-ўқитувчилар, таянч мактабларининг педагоглари ва соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Хабарингиз бор, мамлакатимизда дунёда таълим сифатини баҳолаш бўйича етакчилик қилиб келаётган халқаро баҳолаш дастурлари, жумладан PISA (15 ёшли ўқувчиларнинг саводхонлигини баҳолаш), PIRLS (4-синф ўқувчиларининг матнни ўқиб тушуниш даражасини баҳолаш) дастурларида иштирок этишга киришилди.
Тадбирда сўзга чиққан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи УлуғбекТашкенбаев Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб PISA халқаро баҳолаш дастурининг рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш устувор вазифа этиб белгилаб берилганини таъкидлар экан, ушбу масъулиятли вазифани бажариш учун олдинда турган устувор вазифалар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, халқаро баҳолаш дастурларида муваффақиятли иштирок этиш, бевосита таълим сифатини ошириш билан айтиб ўтилди. Унда иштирок этиш, нафақат Ўзбекистон, балки, жаҳон ҳамжамиятида ўқувчиларнинг ўқув дастурларини ёдда сақлаб қолганлигини баҳолашдан уларнинг компетенцияларини баҳолаш, яъни мактабда эгаллаган билимларини реал ҳаётий вазиятларда қўллай олиши, ижодий ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш ва уни баҳолашга ўтишда муҳим восита бўлиб ҳисобланиши таъкидланди.
Бугунги кунга қадар PISA ва PIRLS доирасида тажриба-синов ўтказиш учун 200 дан ортиқ топшириқлар гуруҳи таржима қилиниб, халқаро лингвистика марказлари тасдиғидан ўтказилди.

Халқаро тадқиқотларда иштирокни молиялаштириш учун Жаҳон банкининг “Эрта болаликдаги ривожланишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида 4,9 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ажратилди.
Ўқувчиларнинг ижодий ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга бағишланган 20 та видеодарс ва видеороликлар, 7 таўқув-услубий қўлланма ва топшириқлар тўплами, шу жумладан 4 номдаги методик қўлланмалар 10,0 минг нусхадан чоп этилиб, барча мактабларга етказилди, шу билан бирга ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.
“Халқаро тадқиқотларда ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини баҳолаш”, “Халқаро тадқиқотларда ўқувчиларнинг математик саводхонлигини баҳолаш”, “Халқаро тадқиқотларда ўқувчиларнинг табиий фанлар бўйича саводхонлигини баҳолаш”, “Халқаро тадқиқотларда бошланғич синф ўқувчиларининг ўқиш саводхонлигини баҳолаш” номли методик қўлланмалар халқаро баҳолаш дастурлари ҳақида умумий тушунчалар, асосий тамойиллар ҳақида маълумотлар бериш ва ўқувчиларда амалий кўникмаларни ривожлантиришга мўлжалланган топшириқлардан намуналарни ҳамда уларни баҳолаш мезонларини ўз ичига олади.
Ушбу қўлланмаларнинг аҳамияти шундаки, улардаги топшириқлар намуналари республикадаги бир нечта мактабларда тажриба-синовдан ўтказилиб, такомиллаштирилган ҳолда нашр этилди. Улардан синфдан ташқари ва тўгарак машғулотлари давомида ёки мустақил равишда ўқувчиларнинг саводхонлигини ошириш, берилган топшириқларни ечиш орқали уларнинг ижодий, мантиқий фикрлаш ва ҳаётий муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, 2021 йилда ўтказиладиган халқаро PISA ва PIRLS тадқиқотларига тайёргарлик кўришда фойдаланиш тавсия этилди.
Шунингдек, ҳудудга ташриф мобайнида Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев Қарши шаҳридаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.