
Хоразм вилояти Шовот туманидаги Асавей маҳалласида Оила ва хотин-қизлар масканининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Янги маскан фаолияти ҳудуддаги оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган.
Масканда аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка кўмаклашиш ўқув машғулотлари, тиббий, психологик, ҳуқуқий маслаҳатхоналар мавжуд.
Оила ва хотин-қизлар масканида никоҳланувчи ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиланинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларда ҳар-хил муаммоларга дуч келаётган оилалар ва улар аъзоларининг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, психологик ва тиббий билимларини ошириш, оилаларда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашга кўмаклашиш, ёшларни тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш фаолияти олиб борилади.
[gallery-23381]
– Ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли, у бахтни орзу қилади, бахтга интилади. Инсонлар бахтли бўлса, оилалар бахтли бўлади. Оилалар бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади, – дейди Хоразм вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигора Қутлимуродова. – Ушбу масканни айнан 15 май –Халқаро оила кунида ишга туширганимизнинг ўзида ҳам маъно бор. Чунки, оилани мустаҳкамлаш нафақат мамлакат, балки дунё миқёсидаги аҳамиятли масала ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 1993 йил 20 сентябрда 15 майни Халқаро оила куни сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорининг қабул қилинишидан кўзда тутилган асосий мақсадлардан бири ҳам оилалар аҳиллиги ва мустаҳкамлигига эришишдир.
Ушбу масканда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мактаби, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси фаолият олиб боради. Маскан оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларга ҳуқуқий ва тиббий кўмак кўрсатиш, бандлигини таъминлашда хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари