Навоий вилоятида 2016 йилда минг тоннадан зиёд асал етиштирилди
Президентимиз раҳнамолигида бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш, аҳолига сифатли, арзон ва шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш, аҳолига сифатли, арзон ва шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Навоий вилоятида ўтган йили деҳқон ва шахсий ёрдамчи хўжаликлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан 237 асаларичилик хўжалиги ташкил этилиб, улар сони 717 тага етди. Асаларичилар томонидан 2016 йилда 1000 тоннадан зиёд табиий, шифобахш ва арзон асал етиштирилди.
Тармоқни қўллаб-қувватлаш, ички бозорни арзон, сифатли маҳсулот билан таъминлашга йўналтирилган лойиҳалар шифобахш, тўйимли табиий бол ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилда тижорат банклари кредити ва ташаббускорларнинг ўз маблағи ҳисобидан қарийб 1 миллиард 830 миллион сўм йўналтириш режалаштирилган. Бу яна 150 асаларичилик хўжалиги ташкил этиш ва 188 иш ўрни яратиш имконини беради.
Вилоятда асаларичилик хўжаликларига хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Асаларичилар учун асалари уяси, иш қуроллари ва бошқа жиҳозлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилмоқда. Бозорларда уларнинг савдо қилиши учун етарли шароит яратилиб, истеъмолчиларга шинам павильонлар хизмат кўрсатмоқда.
– Шахсий хўжалигимизда “Карпат” зотли 380 асалари оиласи парваришланмоқда, – дейди қизилтепалик Улуғбек Муродов. – Ўтган йили ҳар бир оиладан ўртача 25 килограммдан табиий асал етиштириб, арзон нархларда истеъмолчиларга етказиб бердик. Ҳозир арилар қиш мавсумидан беталафот чиқмоқда. Бунда ўз вақтида кўрсатилаётган ветеринария хизмати ҳам муҳим омил бўлаётир. Маҳсулотнинг бир қисмини экспортга чиқаришни режалаштирмоқдамиз.
Навоий вилояти асалари боқиш, кўпайтириш ва маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш учун жуда қулай ҳудуд ҳисобланади. Айниқса, адир ва тоғолди ҳудудларда ўсадиган исириқ, янтоқ ва бошқа табиий гиёҳлар гулидан олинадиган асал инсон организми учун ғоят фойдали. Шу боис жорий йилда маҳсулот етиштириш кўламини янада кенгайтириш мақсадида хориждан “Карпат” зотли 600 она ари келтириш режалаштирилган.
Мухтасар айтганда, вилоятда асаларичиликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор аҳолини арзон ва шифобахш маҳсулот билан таъминлаш билан бирга, уни ташқи бозорга экспорт қилиш имкониятини ҳам яратади.