Асака туманида аёлларга тикув машиналари берилди
Халқаро қишлоқ аёллари куни олдидан Асака туманидаги "Аёллар дафтари", "Темир дафтар" ва "Ёшлар дафтари"га киритилган 48 нафар хотин-қизга субсидия асосида 76 та тикув машинаси берилди.
“Халқаро қишлоқ аёллари куни” муносабати билан Андижон вилоятида қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Озода Парбибоева, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Абдуллаева иштирокида тумандаги эҳтиёжманд аёлларга тикув машинаси берилганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.

– “Халқаро қишлоқ аёллари куни” муносабати билан ўтказилаётган ойлик доирасида тумандаги барча маҳаллаларда қатор тадбирлар ўтказилмоқда, – дейди Асака тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Дилфузахон Алиева. – Ана шу тадбирлар орқали қишлоқ аёлларининг оғирини енгил қилиш, муаммоларини бартараф этиш, ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлашга ҳаракат қилдик.
Туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими, маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан субсидия асосида опа-сингилларимизга тикув машиналари берилиши билан 48 нафар ишсиз, эҳтиёжманд аёлнинг бандлиги таъминланди.
– Уч нафар фарзандим бор, уларни ёлғиз вояга етказяпман, – дейди Отуш маҳалласида яшовчи Шаҳзодахон Мираматова. – Мавсумий ишлар билан шуғулланиб, тирикчилик ўтказиб келаман. Эътибор туфайли мен ҳам иккита тикув машинаси олдим. Тикувчиликдан хабарим бор. Энди шу ҳунар билан шуғулланиб, даромад топишга ҳаракат қиламан. Қийналиб яшаётган мен каби аёлларнинг ўз ҳаётини яхшилаб олишлари учун имконият яратиб бераётган юртбошимизга, барча яхши инсонларга раҳмат.
Ана шу хайрли иш туфайли Асака туманида 48 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланиб, уларнинг доимий даромад манбаи шакллантирилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА