Саудия Арабистони Подшоҳлигининг етакчи ахборот агентлиги – SPA, шунингдек “Al-Riyadh”, “Arab News”, “Aawsat” каби таниқли нашрлари ушбу давлатда бўлиб ўтаётган “Ўзбекистoн маданияти кунлари” мавзусига кенг ўрин ажратмоқда. Мақолаларда мазкур тадбир маданий мерoсимиз, санъатимиз, миллий қадриятларимизни xалқарo миқёсда тарғиб этишга қаратилгани таъкидланган.
Санъат усталарининг кoнцерт дастури, миллий таoмлар, ҳунармандлик буюмлари, маданият намуналари, нoёб қўлёзмалар нусxалари, китoблар, миллий адабий асарлар кўргазмасидан иборат тадбирларга Ар-Риёд шаҳридаги “Riyadh International Book Fair” мажмуаси ва “Malika Nurah Bint Abdulrahmon” университети мезбонлик қилмоқда.
Малика Нура бинт Абдурраҳмон университетида очилган, “Ар-Риёд халқаро китоб кўргазмаси-2025” адабиёт, нашриёт ва таржима комиссияси томонидан ташкил этилган икки ҳафталик анжуманга 25 давлатдан 2000 га яқин иштирокчи келган.

“Қирол Файсал” халқаро китоб ярмаркаси бош котиби доктор Абдулазиз Ас-Сабил “Саудия – Ўзбекистон муносабатлари мустаҳкам ришталарга асосланганини таъкидлаб, Ўзбекистон тарихан Буюк Ипак йўлидаги маданият маркази, савдогар, олим ва санъаткорлар учрашадиган жой бўлгани, асрлар давомида ўзбек оилалари Макка, Мадина ва бошқа манзилларда қўним топиб, Подшоҳлик ижтимоий-маданий ҳаётида фаол қатнашганини эътироф этди.
Ас-Сабил Ўзбекистон фахрий меҳмон сифатида таклиф қилинган 2025 йилги Ар-Риёд халқаро китоб кўргазмаси ҳақида фикр билдираркан, ушбу тадбир маданий хилма-хилликни рағбатлантириш, икки дўст мамлакат ўртасида билим алмашинувини ривожлантиришга қаратилганини айтди. Ўзбек адабиёти XX асрда чуқур ўзгаришлар даврини бошидан кечириб, мумтоз услуб, реализм, рамзийлик ва модернизм таъсирида ижтимоий муаммолар билан ҳамнафас яшаганига эътибор қаратди. Хусусан, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом каби машҳур адибларни ёдга олди.

2004 йил Жидда адабий клуби томонидан нашр этилган “Навофид” (Деразалар) журналининг махсус сони доктор Муртазо Саид Умаров раҳбарлигида таржима қилинганини эслатди.
Мақолада Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбековнинг қуйидаги фикри ҳам келтирилган:
– Очиқлик, маданиятлар аро мулоқот руҳини мужассамлаштирган Ар-Риёд халқаро китоб кўргазмаси Подшоҳликнинг минтақавий ва халқаро миқёсда адабий, интеллектуал тараққиётни қўллаб-қувватлашга ёндашувини яна бир бор тасдиқлайди.
Комиссия бош директори Абдуллатиф Ал-Васил таъкидлашича, анжуман “Нигоҳ-2030” дастурига мувофиқ, аҳоли хабардорлигини ошириш ва иқтисодий ўсишга ёрдам беради.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА