Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари давом этмоқда
Жорий йил 16 январь куни аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир деҳқон бозорида шароитларни яхшилаш ва нарх-навони тартибга солиш вазифаси қўйилган эди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан Янги йил байрами арафасида шаҳар ва туманларда ташкил этилган арзонлаштирилган савдо ярмаркалари давом этмоқда. Бу эса деҳқон бозорларида аҳолининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши, арзонлаштирилган нархларда сотиб олишига замин яратмоқда.
Ярмаркаларда маҳсулотларни узлуксиз таъминлаш мақсадида таъминотчи корхоналар, агрофирмалар ва фермер хўжаликлари масъул этиб белгиланган. Бу каби ташаббуслар аҳолига арзон ва сифатли маҳсулотларни етказиш билан бирга нархлар сунъий ва асоссиз равишда оширилишининг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА