Арзонлаштирилган маҳсулотлар савдо ярмаркаси
Наврўз умумхалқ байрами олдидан ҳамда муборак Рамазон ойи муносабати билан Урганч марказий деҳқон бозори ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил қилинди.
Ярмаркада деҳқон ва фермер хўжаликларида етиштирилган ҳамда маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига арзон нархларда таклиф этилмоқда.
Вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов ярмарка фаолияти билан танишиб, маҳсулот турларини янада кўпайтириш, шаҳарликларнинг байрам дастурхонига арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш юзасидан топшириқлар берди.
[gallery-22289]
Вилоят ҳокими марказий деҳқон бозорида ҳам бўлиб, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-навоси билан қизиқди, сотувчи ва харидорлар билан мулоқотда бўлди.
– Байрамлар арафасида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси халқимиз учун катта қулайлик бўлди, – дейди урганчлик Суҳбатжон Маткаримов. – Тўғриси, қиш фаслида ҳам озиқ-овқат, мева , сабзавотлардан камчилик бўлмади. Нархларда катта ўзгаришларни кўрмадим. Мана шундай ярмаркалар бунда муҳим ўрин тутмоқда. Бугун ярмаркада вилоятимиз ҳокимини ҳам учратдим. Демак, нархлар барқарорлиги раҳбарларнинг назоратида.
Бозорлар тўкинлиги, нархлар барқарорлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган бундай тадбирлар аҳолининг харид қобилиятини ошириш, халқимизнинг байрам дастурхони янада тўкин бўлишига хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари