Архив соҳасидаги ишлар таҳлил қилинди
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзархив” агентлиги томонидан “2021 йил учинчи чораги давомида агентлик тизимида амалга оширилган ишлар” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 ойи давомида Вазирлар Маҳкамасининг соҳага оид 3 та қарори қабул қилинди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритиш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги,

“Давлат органлари ва ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги эксперт комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда “Архив иши ва иш юритиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатлар қабул қилиниши билан давлат архивлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари 100 фоиз онлайн кўринишга ўтказилди.
Ўзбекистон Республикасида архив ишини ривожлантиришнинг 2021 йил 9 ойлигига мўлжалланган режаси 21 та кўрсаткич бўйича бажарилиб, шундан 17 та кўрсаткич бўйича ошириб бажарилди.
Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларининг электрон шаклини яратиш ишлари жадаллаштирилишига эришилди ва ҳисобот даврида давлат архивларида ҳужжатларнинг электрон нусхалари яратилди.

Мазкур электрон нусхаларни сақлаш учун “Ўзархив” агентлиги томонидан “Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази” ДУК билан ҳамкорликда “Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларни ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизими ишлаб чиқилди.
Ҳозирги вақтда мазкур ахборот тизими Ўзбекистон Миллий архиви ва Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архивида синов тажрибасидан ўтказилмоқда.
–Ташкилот ва корхоналарнинг ҳужжатларини шартнома асосида тартибга келтиришда давлат архивлари томонидан тегишли ҳужжатлар тартибга келтирилди, –деди “Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анвар Алиев.– Хусусан, Ўзбекистон Миллий архивига "Саодат" журналининг 1953 йилдан бошлаб нашр этилган барча сонлари тақдим этилди. Юртимизнинг оддий фуқароси Алфия Давронова томонидан ўзининг оилавий архивида сақланган эски ўзбек ёзувида нашр этилган “Янги Фарғона” номли газеталар тўпламини ихтиёрий равишда давлат сақловига топшириш ишлари амалга оширилди. Мазкур газеталар тўплами 1928 йилга оид бўлиб, унда Ўзбекистоннинг XIX аср бошларидаги сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳаётидаги муҳим воқеалар ўз аксини топган.
Шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон архивлари” ҳужжатлари фильми тасвирга олинди ва тақдим этилди. “Ўзархив” агентлиги томонидан “Ўзбекистон архивлари” ахборот китоб-альбоми чоп этилди ва “Мустақиллик 30” веб-сайти ишга туширилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА