Археология илмининг алп олими 90 ёшда
Дунё археология илми ривожига юксак ҳисса қўшган, рус тупроғида таваллуд топиб, бутун умрини Ўзбекистонда, хусусан, қорақалпоқ заминида илмга бахшида қилган буюк олим, марҳум археолог, тарих фанлари доктори, профессор Вадим Николаевич Ягодин ҳаёт бўлганида бу йил 90 ёшни дўстлари ва ватандошлари билан қаршилаган бўлар эди.
Қорақалпоғистонда машҳур археолог олимнинг юбилей санаси кенг нишонланмоқда. Жорий йил 12 май куни олимнинг таваллуд куни муносабати билан “Қорақалпоғистонда археология илми ютуқлари” мавзусида республика илмий анжумани ўтказилди. Мазкур анжуманга тарих фанлари доктори, акедемик Аҳмадали Асқаров ҳам иштирок этди.
Вадим Ягодин ҳақида академик шундай эслайди:
“В.Ягодин Хоразм археологик-этнографик экспедицияси раҳбари, таниқли археолог олим Сергей Толстовнинг садоқатли шогирдидир. Устоз-шогирднинг меҳнатисиз Ўзбекистондаги археология илмининг ривожини тасаввур қилиш мумкин эмас. Ягодин устози сингари Қорақалпоғистонни ҳақиқий севар эди. Нафақат Қорақалпоғистоннинг тарихий, археологик ёдгорликларини, балки қорақалпоқ халқини ҳам севар эди. Қорақалпоқ халқига бўлган муҳаббат, ундаги ғамхўрлик чексиз бўлди.
Мен В.Ягодинни 1963 йилда у Москвада номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган пайтидан яхши танийман ва шундан буён дўст бўлиб қолганмиз. Ҳимоя пайтида унинг Қорақалпоғистонга, шу ерда яшайдиган халққа қанчалик меҳр боғлаганлигига амин бўлиб, чин дилдан хурсанд бўлганман. Рус миллатидан бўлиб, бизнинг юртни шунчалик севган кишига ҳурматим янада юксалди.
Битта қизиқ воқеа ҳамон ёдимда. В. Ягодин докторлик диссертацияси ҳимояси яқинлашган кунлардан бирида тракторга ўтириб тадқиқот ўтказаётган майдонга кетиб қолди. Яқин 100 км жойда трактори бузилиб қолди. У мана шундай ўз касбининг фидойиси эди.”
Вадим Ягодин 1932 йил 5 февралда Россия федерацияси Оренбург вилояти, Бузулук туманида дунёга келган. Бўлажак олим 1938 йилда ота-онаси билан Қорақалпоғистонга кўчиб келиб, ўрта мактабни шу ерда тугатди. 1955 йилда Иваново университетининг тарих факультетини муваффақиятли тамомлади. Талабалик пайтида академик Сергей Толстов раҳбарлик қилган Хоразм археологик-этнографик экспедициясига иштирок этиши унинг ҳаёт тарзини белгилаб берди ва бир умр ушбу заминга чексиз муҳаббат ила бағрини очди.
Мазкур экспедиция таркибида Жанубий Оролбўйида жойлашган кўплаб эсдаликларда қизиш ишларини олиб борди ва олийгоҳни тугатиб келгандан кейин дастлаб Қорақалпоғистон маданият вазирлиги таркибидаги Ўлкашунослик музейида меҳнат фаолиятини бошлади. Ёш олимга Қорақалпоғистон заминидаги тарихий ёдгорликлар, шу заминда яшайдиган халқларнинг маданияти, фольклори, ўтмиши қадриятлари, урф-одат, анъаналари жудаям қизиқ эди. Қум бағридаги минглаб йиллардан буён ўз сирларини очмай ётган қадимий қалъаларга бўлган муҳаббати уни Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон мажмуа илмий-тадқиқот институтида археолог сифатида фаолиятини давом эттиришга ундади.
У 1963 йилда номзодлик диссертациясини СССР Фанлар академияси Этнография институтида, 1991 йилда эса М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 1964-1968 йилларда Ўзбекистон фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Тарих, тил ва адабиёт иститутининг катта илмий ходими, 1969-1991-йилларда ушбу институтнинг археология бўлими мудири, 1992-2011 йилларда Тарих, археология ва этнография институтининг биринчи директори, шунингдек ҳаётининг охирги кунларигача мазкур институтнинг археология бўлими раҳбари лавозимларида ишлади.
У Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Россия, Афғонистон, Иордания давлатларида олиб борилган халқаро археологик экспедицияларда иштирок этди. Жанубий Оролбўйи ҳамда Устюрт платосида олиб борилган кўплаб археологик экспедицияларнинг ташкилотчиси ҳамда раҳбари бўлди. Кўп сонли республика ва халқаро илмий форум ва лойиҳаларга эксперт таркибида қатнашди. Марказий Осиё ҳамда Яқин Шарқ тарихи, археологияси ва палеогеографияси масалалари бўйича 200 дан ортиқ илмий меҳнатлар муаллифи ҳисобланади.
В. Ягодин Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган маданият ходими, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, Россия археология ташкилотининг, Нью-Йорк фанлар академияси, Австралия илмий кенгашининг (RAC) экспертлари таркиби аъзоси. Марҳум олим илмий фаолиятининг дастлабки йилларида фанга номаълум Амударёнинг ўнг қирғоғидаги қалъаларни тадқиқ қилишни бошлади ва ушбу тадқиқотлар натижасида янгидан Кердер маданиятини кашф қилди.
1975-1977 йилларда В.Н.Ягодин совет-афғон археологик экспедициясида иштирок этиб, Афғонистонда жойлашган дунёга машҳур Айханум эсдалигини қазиб тадқиқ қилди. Шу йилларда олим Устюрт кенгликларида кўчманчилар маданиятини ўргана бошлайди. Тадқиқотлар натижасида Устюртда дунёнинг саноқли жойларида учрашадиган «Найзасимон қурилмалар» сирини очиб, бутун дунёни ҳайратда қолдирди. Кўчманчи қабилаларнинг минг-минг йиллар аввал яратган ихтиролари ҳамон кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Олим ушбу илмий янгилиги асосида 1991 йилда «Стреловидные планировки Устюрта (опыт историко-культурной интерпретации)» номли монографиясини кенг жамоатчиликка тақдим қилди. Кейинчалик уни Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида топилган шунга ўхшаш қурилмаларни тадқиқ қилишга раҳбар сифатида Уммон-Британия университети томонидан таклиф қилинди.
1995 йилдан бошлаб Қорақалпоқ-Австралия халқаро археологик экспедициясида раҳбарлик қилиб, Беруний туманида жойлашган Ақчахан-қалъа ва Тошхирмон-тепа ёдгорликларини тадқиқ қилишга қатнашди. В.Ягодин – академик С.Толстов асос солган Қорақалпоқ археология мактабининг муносиб давомчиси бўлиб, ўз илмий ҳаёти давомида тайёрлаган кўплаб шогирдлари ҳозирда олим бошлаб берган ишларни давом этиб келмоқда. Шулардан марҳум Ғайратдин Хўжаниёзов Олий мукофот – Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди.
В.Н.Ягодин оиласи – олимлар оиласидир. Унинг турмуш ўртоғи Л.П.Павловская Қорақалпоғистон ихтиофаунасини тадқиқ қилган. Ўғли Вадим Ягодин эса бугунги кунда ўз отаси асос солган археология бўлимида археологик қазилма топилмалари устида реставрация ишларини юритиб келаётган ҳудуддаги ягони реставратор мутахассисдир.
Е.Қаноатов, ЎзА