Армия – ватанпарварлик ва жасорат мактаби
Давлатнинг тараққий этиши ва қудрати юксалишида ёшлар ҳал қилувчи куч ҳисобланади.
Бу ҳаётий хулоса Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг “Ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади”, деган фикрлари билан ҳамоҳангдир.
Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида ёшлар таълими ва тарбиясига жиддий урғу бериб, бу борада барчани бир ёқадан бош чиқариб иш олиб боришга ундайди.
Янги Ўзбекистонда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, юксак маънавиятли, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ишлар амалга оширилиб, уларга барча имконият ва шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.


Қуролли Кучларимиз сафини бутлашнинг мутлақо янги тартиби жорий этилгани натижасида армия сафларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган, юксак ахлоқий-маънавий фазилатларга эга ўғлонлар кириб келмоқда.

Белгиланган чора-тадбирлар, изчил ислоҳотлар Қуролли Кучларимизнинг жанговар куч ва имкониятларини ошириб, армиямизнинг бугунги қиёфасини тубдан ўзгартирди. Аҳоли ўртасида ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори кўтарилиб, армияда хизмат қилиш шон-шараф ишига айланди.
Жорий йилнинг 12 январь куни Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида давлат раҳбари Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларга 4 миллион нафар ёшни оталиққа олиб, улар билан манзилли ишлаш топшириғини қўйган эди.

Бунга мувофиқ, Мудофаа вазирлигига республикамиз бўйича биринчи секторлар кесимида 2 минг 547 та маҳалладан 1 миллион нафар ўсмир бириктирилди. Оталиққа олинган ёшлар билан ишларни ташкил этиш учун ҳудудий штаблар тузилиб, якка тартибдаги ишларни ташкил этишга 4 минг 791 нафар ҳарбий хизматчи тайинланди. Улар жойларда ёшлар билан учрашиб, режали равишда якка тартибдаги тарбиявий ишлар, муаммоларни ўрганиш, маънавий-маърифий, ҳарбий-ватанпарварлик, спорт ва ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ўтказиш йўлга қўйилди.
Алоҳида эътиборга муҳтож оғир тоифага, жиноятчиликка мойил, ишсиз, миграциядаги ёшлар, талабалар, ўқувчи-ёшлар каби 7 тоифага ажратилган ёшларнинг ҳар бири билан алоҳида иш олиб борилди. Хусусан, алоҳида эътиборга муҳтож ва жиноятчиликка мойил ёшларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашилди. Хориждаги ёшлар, талаба ва ўқувчилар билан самимий мулоқотлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Аниқ рақамларга кўра, ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, кредит, субсидия олиш, моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа йўналишларда йил бошидан 79 минг 76 та турли муаммолар аниқланиб, уларнинг 33 минг 508 таси ўз ечимини топди. Жумладан, 14 минг 480 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 3 минг 194 нафари касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, яна 3 минг 32 нафарига кредит расмийлаштирилишига ёрдам берилди. 1 минг 757 нафар ёшга моддий ёрдам кўрсатилди, 1 минг 113 нафар ёшга эса субсидия берилишига кўмаклашилди. 9 минг 931 та бошқа йўналишлардаги муаммолари бартараф этилди.
2024 йил мобайнида “Армия – ватанпарварлик ва жасорат мактаби” шиори остида 10 кунлик “Жасорат мактаби” ўқув йиғини 56 маротаба ўтказилди. Унга жами бўлиб, уюшмаган, тарбияси оғир ва профилактик ҳисобда турувчи 5 минг 600 нафар ёш қамраб олинди. Улар билан ўтказилган касб машғулотлари, спорт мусобақалари, психологик тренинглар, дам олиш тадбирлари қатъий ҳарбий интизом асосида ташкиллаштирилгани ёшлар руҳиятига ижобий таъсир этди.
Қўшинларда ташкил этилган Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Заҳириддин Муҳаммад Бобур тематик синфлари, музейларда ўтказилган суҳбат ва учрашувлар, тарбияси оғир, жиноят содир этишга мойил ёшлар билан ҳарбий қисм ва полигонларда давом этган “Ҳарбий қисмда бир кун”, “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ва бошқалар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатди.
Маҳалла ва таълим муассасаларида “Мард аскар ёшларга намуна” шиори остида ҳарбий-техника ва қурол-аслаҳалар намойиши, ҳарбий хизматчиларнинг чиқишларини ўз ичига олган ҳарбий-ватанпарварлик карвонлари, “Мен ғолиб!”, “Соғлом ҳаёт учун!” ҳарбий-спорт мусобақалари ҳам ёшлар томонидан олқишлар билан қарши олинди.
Жонажон ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида Мудофаа вазирлиги кубоги учун ҳарбий-ватанпарварлик мажмуавий мусобақалар, маҳалла ёшлари ўртасида “Мардлар сафидаман!” ҳарбий-ватанпарварлик қўшиқ танлови ҳам ижодкор ёшлар орзу умидларини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олган ҳолдауч босқичда ўтказилган “Мудофаа вазирлиги кубоги учун ҳарбий-ватанпарварлик мажмуавий мусобақа”сида 30 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий дунёқарашини юксалтириш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Мудофаа вазирлиги кубоги учун ҳарбий-ватанпарварлик мажмуавий мусобақа”сининг республика босқичи якунларига кўра, биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасининг “Янги авлод” жамоаси, иккинчи ўринни Навоий вилоятининг “Қалқон” жамоаси, учинчи ўринни эса Сирдарё вилоятининг “Элпарвар” жамоаси эгаллади.
Ўқувчи-ёшларда миллий ғурур ва ифтихор туйғусини шакллантириш ҳамда улар қалбида ҳарбий хизмат ва касбга нисбатан ҳурматни, интилишни уйғотишга қаратилган бу каби тадбирлар мамлакат ёшларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг янги тизими, дея эътироф этилди.
Ҳасан ХАЛИЛОВ,
Мудофаа вазирлиги Тарбиявий ва мафкуравий
ишлар бош бошқармаси бошлиғи
полковник.
ЎзА