АрМИ–2021: янада юксак марралар кўзланмоқда
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаларининг “АрМИ – 2021” халқаро армия ўйинларига тайёргарлиги масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда халқаро армия ўйинлари совриндорлари, Мудофаа вазирлигининг соҳа йўналишлари бўйича масъул бош бошқармалари бошлиқлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги қонуний асоснинг такомиллаштирилиши қўшинлар таркибий тузилишининг тубдан ўзгартирилишига, миллий армиямизни жаҳон андозалари асосида ривожлантиришга эътибор қаратилиши ҳамда ҳарбий қисм ва муассасаларнинг моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланиши эса қўшинларимизнинг жанговар шайлиги ортишига ва миллий армиямиз ривожланишига пойдевор вазифасини ўтамоқда.
Ҳарбий округлар ҳудудларида халқаро стандартларга мос полигонлар фойдаланишга топширилгани ҳам мувафаққиятлар сари эшик очмоқда. Бу нафақат ҳарбий хизматчиларнинг кундалик тайёргарлик машғулотларини сифатли ташкил этиш, балки нуфузли тадбирларни ўтказиш имкониятини ҳам бермоқда. Шунингдек, жанговар тайёргарлик бўйича амалий ўқув машғулотларида амалиётда ўзини оқлаган тайёргарлик усуллари жорий этиляпти.
Киритилаётган ана шундай ўзгаришлар йилдан-йилга ривожланиб бораётган Ўзбекистон Қуролли Кучлари вакиллари дунё армияларининг куч-қудрати намоён бўладиган “АрМИ” халқаро армия ўйинларида муносиб иштирок этишига замин яратмоқда.
Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси 16 та йўналишдаги мусобақаларда иштирок этиб, 14 та совринли ўринларни эгаллади ва якунда 32 та давлат ўртасида фахрли 3-ўринга сазовор бўлди. Мусобақалар давомида 37 та рекорд ўрнатилиб, улардан 9 тасини жамоамиз аъзолари қайд этишди.
Мусобақаларда жами 3 та 1-ўрин (“Содиқ дўст”, “Йўл патрули”, “Ҳарбий-тиббий эстафета”), 8 та 2-ўрин (“Хавфсиз маршрут”, “Эльбрусс халқаси”, “Отлиқ марафон”, “Қуролсоз уста”, “Қўшинлар разведка аълочиси”, “Артиллерия олови устаси”, “Мерганлар марраси”, “Ҳарбий ралли”), 3 та 3-ўрин (“Дала ошхонаси”, “Хавфсиз муҳит”, “Автозирхли техника устаси”) қўлга киритилди.
Хабарингиз бор, 2019 йилдаги ўйинларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси 14 та йўналиш бўйича мусобақада иштирок этиб, 11 та совринли ўринларни қўлга киритган эди.
“АрМИ – 2021” армия халқаро ўйинларида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги 24 та йўналишдаги мусобақаларда қатнашиши режалаштирилган. Жумладан уларнинг 2 таси “Ҳарбий-тиббий эстафета” ва “Дала ошхонаси” мусобақалари – Ўзбекистонда (Жиззах вилоятидаги “Фориш” тоғ дала ўқув майдонида), 10 таси “Эльбрусс халқаси”, “Автозирҳли техника устаси”, “Қўшинлар разведка аълочиси”, “Армия маданияти”, “Хавфсиз маршрут”, “Муҳандис формуласи”, “Танк биатлони”, “Десант взводи”, “Армия тактик ўқчиси”, “Саян юриши” – Россия Федерациясида, 3 таси “Профессионал мерган”, “Ишончли қабул”, “Қутб юлдузи” – Беларусь Республикасида, 2 таси “Мусаффо осмон”, “Хавфсиз муҳит” – Хитой Халқ Республикасида, 2 таси “Ҳарбий ралли”, “Отлиқ марафон” - Мўғулистонда ҳамда 1 тадан Алжир Халқ Демократик Республикаси (“Содиқ дўст”), Қозоғистон Республикаси (“Артиллерия олови устаси”), Вьетнам социалистик Республикаси (“Мерганлар марраси”), Эрон Ислом Республикаси (“Қуролсоз уста”) ва Қатар давлатида (“Йўл патрули”) бўлиб ўтади.
Шунингдек, мазкур йилда 8 та (“Ишончли қабул”, “Десантчи взводи”, “Армия маданияти”, “Қутб юлдузи”, “Муҳандис формуласи”, “Армия тактик ўқчиси”, “Профессионал мерган”, “Саян юриши”) мусобақада юртимиз жамоаларининг илк маротаба қатнашиши кўзда тутилган.
Таъкидлаш лозимки, шу йилнинг 14-16 апрель кунлари Россия Федерациясининг шимолий “Ергакий” тоғ марказида 7 та давлат – Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Абхазия Республикаси, Жанубий Осетия Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси жамоалари иштирокида бўлиб ўтган “АрМИ” халқаро ўйинларининг “Саян юриши” мусобақасида юртимиз жамоаси фахрли III-ўринга сазовор бўлиб қайтди.
Эришилаётган ютуқларнинг ўсиш динамикаси мамлакатимизда бошқа соҳалар қатори мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлидаги юксак марралар сари дадил одимлар ташланаётганини англатади, бу эса ўз навбатида, мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар шайлиги ва мудофаа қобилиятини юксалтиришга, пировардида тинчлигимиз ва барқарорлигимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА