Арманистон ЕИ билан яқинлашувга урғу бермоқда (+видео)
Деярли 50 та давлат раҳбарлари Европa сиёсий ҳамжамиятининг 8-саммитида қатнашиш учун Ереванга тўпланмоқда, деб хабар берди Euronews.
Арманистон пойтахтига Европa сиёсий ҳамжамиятининг саккизинчи саммитига жаҳон етакчилари етиб кела бошлади. Саммит “Келажакни барпо этамиз: Европада бирлик ва барқарорлик” шиори остида бўлиб ўтади.
Жиддий геосиёсий ўзгаришлар кечаётган бир пайтда, деярли 50 та давлат, жумладан Европa Иттифоқининг барча 27 аъзо давлати етакчилари асосий сиёсий масалалардан ташқари АҚШ ва Эрон ўртасидаги тарангликни юзма-юз муҳокама қилади.
Якшанба куни Ереванга етиб келганлар орасида Британия бош вазири Кир Стармер, Украина президенти Володимир Зеленский, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Польша бош вазири Дональд Туск ҳам бор.
Саммитга Европa кенгаши раиси Антониу Кошта ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳамраислик қилади.
Украина президенти Володимир Зеленский форум доирасида бир қатор давлатлар вакиллари билан музокаралар ўтказади.
Европa сиёсий ҳамжамияти саммитида илк бор Европа ҳудудидан ташқари давлат яъни Канада ҳам иштирок этмоқда.
“Европа ва Канада — бу фақат ўхшаш қарашларга эга ҳамкорлар эмас: биз биргаликда тинчлик, умумий фаровонлик ва кўп томонлама ҳамкорлик тамойилларини ҳимоя қилиш учун катта иттифоқ қуряпмиз”, — деди Кошта.
Канада бош вазири эса Швейцарияда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида АҚШ етакчилигидаги глобал бошқарув тизимида “ёриқлар” пайдо бўлганини таъкидлаб, ўрта кучга эга давлатлар янги йўлни белгилаб, халқаро меъёр ва қадриятларни ҳимоя қилиш учун бирлашиши кераклигини айтди.
Европa сиёсий ҳамжамияти — Европанинг келажагига оид сиёсий ва стратегик масалаларни муҳокама қилиш учун мўлжалланган ҳукуматлараро платформа бўлиб, у 2022 йилда Россия-Украина уруши бошланганидан кейин ташкил этилган. У Россия ва Беларусдан ташқари деярли барча Европа давлатларини бирлаштиради.
Европа Иттифоқи ва Арманистон ўртасидаги илк саммитда ўнлаб европалик етакчилар иштирок этади. Собиқ совет республикаси бу орқали Европа билан яқинроқ интеграция қилишни мақсад қилган, айни пайтда Ереван аста-секин Москвадан узоқлашмоқда.
Бош вазир Никол Пашинян даврида Арманистон расман “диверсификация” деб аталувчи стратегияни юритмоқда. Унга кўра, денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган мамлакат Россия билан ҳам, Ғарб билан ҳам муносабатларни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
“Аслида эса бу жараён Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан муносабатларни йўлга қўйишга интилаётганини англатади”, — дейишмоқда сиёсатчилар.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/W-hGegksug4" title="Armaniston YEI bilan yaqinlashuvga urg‘u bermoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА