“Арк булоқ” чегара масканига пресс-тур
Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан пойтахтимиздаги “Арк булоқ” чегара масканига пресс-тур ташкил этилди.
Журналистлар чегара маскани инспекторлари фаолияти, хусусан, карантин ости юкларини карантин назоратидан ўтказиш тартиби билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Дастлаб йиғилганлар учун брифинг ташкил этилиб,унда инспекция томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар ҳакида маълумотлар берилди.
Мамлакат хавфсизлигини таъминлашда ўсимликлар карантини хизмати муҳим роль ўйнайди. Чунки биргина зарарли организмни уруғ, кўчат каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари орқали мамлакатга олиб кириб, бутун қишлоқ хўжалигини издан чиқариш мумкин. Бундай мудҳиш ҳолатлар хорижий мамлакатлар тажрибасида бир неча бор кузатилган.
Шу боисдан инспекция томонидан экспорт ва импорт бўлаётган карантин ости юклари назоратини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир маҳсулот синчковлик билан карантин кўригидан ўтказилмоқда. Брифингда маълумот берилишича, инспекция томонидан 2020 йил мобайнида чет мамлакатларга экспорт қилинган 446 минг 968 тонна карантин остидаги юклар ва 905 минг 121 дона ҳар хил мевали ва манзарали кўчатлар ҳамда гуллар карантин назоратидан ўтказилиб, уларга халқаро стандарт талабларига мувофиқ бўлган 19 минг 66 дона фитосанитар сертификат берилган.
Зарарли организмлар аниқланган экспорт, импорт ва маҳаллий карантин назоратидаги юкларда умумий ҳажмда 782 минг 642 метр куб ва 453 минг 265 метр квадрат зарарсизлантириш ишлари олиб борилди. Инспекция томонидан 2020 йил мобайнида чет мамлакатлардан импорт қилинган 2 миллион 207 минг 638 тонна карантин остидаги юклар, 5 миллион 887минг 966 дона ҳар хил мевали, манзарали кўчатлар ҳамда гуллар карантин назоратидан ўтказилиб, уларга 54 минг 191 дона карантин кўригидан ўтказиш далолатномалари ва транспорт бирлиги далолатномалари расмийлаштириб берилди.
Импорт қилувчилар томонидан 239 та ҳолатда маҳсулотлар карантин қоидалари бузилиши ва зарарланган ҳолатда келтирилганлиги сабабли рад этилиб, 13 ҳолатда орқага қайтарилган. Шу жумладан, ҳужжатларсиз ва зарарланган ҳолатда келтирилган 1681,3 килограмм ўсимлик махсулотлари ва 28 минг 394 дона ҳар хил кўчатлар ҳамда гуллар ёқиш ва кўмиш йўли билан йўқ қилинди. Ташқи карантин бўйича 4 минг 244 дона далолатномалар расмийлаштирилган.
Инспекциянинг ички карантин бўйича Тошкент шаҳрининг 12 та туманидаги 13минг 412 минг гектар яшил худудларда дала назорати тадбирлари олиб борилиб, 2 минг 411 та далолатнома расмийлаштирилган. Шу жумладан, 15,91 гектар майдонларда зарарли организмлар аниқланган ва қарши кураш чоралари олиб борилган. Шунингдек,19,53 гектар иссиқхоналар карантин назоратига олиниб, рўйхати шакллантирилди. Манзарали ва гул кўчатлар етиштириладиган 11 гектар иссиқхона карантин назоратидан ўтказилди ҳамда 8 миллион 426 минг 546 дона манзарали гуллар шаҳримиз майдон ҳамда кўчаларига экилди.
Шаҳримиз ҳудудидаги экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш ва қадоқлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларни чет давлатлар фитосанитария талабларига мувофиқлаштириш, тегишли маслаҳатлар ва амалий ёрдам бериш учун мавжуд 8 та қадоқловчи корхона рўйхати шакллантирилиб, туманлар миқиёсида ўсимликлар карантини давлат инспекторлари бириктирилди.
Брифинг давомида инспекция томонидан жорий йилда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Шаҳар ҳудудидаги карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш, олиб чиқиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, реализация қилиш билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган иссиқхона, мевали боғ, қайта ишлаш корхоналари, қадоқлаш цехлари
ва омборхоналарда карантин остидаги маҳсулотнинг ўсимликлар карантини қоидаларига ҳамда фитосанитария талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида мониторинг юритилди ва 13 маротаба Марказий карантин лабораториясига белгиланган тартибда намуналар топширилди.
Шундан сўнг юртимиз ҳудудига чет мамлакатлардан олиб келинаётган ёки бошқа давлатларга экспорт бўлаётган карантин ости юкларининг назорати жараёнлари билан яқиндан танишилди.
Бугунги кунда мазкур чегара масканида фаолият олиб бораётган инспекторларнинг ҳар бири махсус планшетлар билан таъминланган бўлиб, бу карантин ости юкларига электрон тартибда далолатномалар,сертификатлар беришда қўл келмоқда.
Пресс -тур сўнггида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга инспекторлардан жавоблар олишди.
Н.Насриев,
ЎзА